«Яхши эмас, Дембеле, яхши эмас!..»
«Барселона» футболчиси Усмон Дембеле Дортмундда тўп сурган пайти кўпчилик қатори ижара уйда яшарди. Яқинда шу уйнинг соҳиби Дембеленинг устидан судга арз қилибди. Бу ҳақда «Bild» нашри ёзмоқда.
Арзчи — Герд Вайзенберг исмли немис фуқароси. Дембеле 2016 йили «сариқ-қоралар» футболкасида ўйнаган чоғида шу одамга қарашли уйда ижарада турган экан. 2017 йили, «Барселона»га ўтиши муносабати билан, Дембеле «Боруссия» билан ҳам, ҳалиги уй эгаси билан ҳам шартнома (ижара)ни бекор қилади.
Ҳойнаҳой уй эгаси Дембеленинг кетишидан дарғазаб бўлган деб ўйласангиз, қаттиқ янглишаси. Воқеа Германияда бўлганини унутмайлик. Вайзенберг чин немис, яъни озодаликни биринчи ўринга қўяди. Француз футболчиси эса уйни қараб бўлмайдиган бир аҳволда ташлаб кетган, ҳатто Вайзенберг холодильникдан эскириб кетган овқатни ҳам топиб олибди...
Иккинчидан, Дембеле ижарадан 15 минг евро қарзи борлигини «унутган», бунинг устига уйнинг калитини ҳам йўқотган. Ҳисоб-китобли, бунинг устига ўта интизомни хушловчи немиснинг албатта жаҳли чиқади-да. Нима қилади — беадабнинг танобини тортиб қўйишга ҳаракат қилади.
Вайзенберг «каталон»дан кўп сўрамаяпти — 20 минг евро: 15 минги ўзининг ҳалол пули, 5 минги уйни «тозалаш» учун.
Қизиқ, Барселонадаги ижара уй хўжайини шу гапларни эшитиб, Усмон Дембеленикига қадам ранжида қилдимикан?..
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter