Умид Аҳмаджонов Шаҳрам Ғиёсовга: «Мамлакатимизда сенга тенг келадиган рақиб йўқ»
Бугун, 1 май куни Рио 2016 Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби, жаҳон ва Осиё чемпиони Шаҳрам Ғиёсов Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Машҳур боксчимиз ушбу ташрифи давомида Умид Аҳмаджонов қабулида бўлди. Учрашув давомида МОҚ раҳбари Шаҳрамни 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида кўрмоқчи эканлиги ҳақида гапирди.
«Шаҳрам, сени бекорга океан ортига, узоқ Америкага қўйиб юборганимиз йўқ. Чунки, сен ҳаваскор боксчи қўлга киритиши мумкин бўлган деярли барча совринни юта олдинг. Бугунги кунда ўз вазн тоифангда юртимиздаги энг кучли боксчисан. Мамлакатимизда сенга тенг келадиган рақиб йўқ. Энди АҚШда кучли боксчиларга қарши жангларда маҳорат ошириб, 2020 йилги Токио Олимпиадасида терма жамоа сафида бўлишинг шарт. Сени айнан шу ниятда у ерга қўйиб юборганмиз. Шуни билгингки, Миллий олимпия қўмитаси сени ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Жаҳоннинг энг йирик ареналарида зафар қучиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришинг учун барча шароитни яратиб берамиз», — деди Умид Аҳмаджонов.
Ўз навбатида Шаҳрам Ғиёсов ушбу эътибордан хурсанд эканлиги ҳақида гапирди.
«Менга билдирилаётган ишончни оқлаш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан. Сизнинг, қолаверса Миллий олимпия қўмитасининг ушбу эътиборидан хурсанд бўлдим. Ўз натижаларим билан Ўзбекистон байроғини юқори кўтаришда, юртимиз довруғини дунёга танитишда қўлимдан келган барча ишни қиламан», — деди Шаҳрам Ғиёсов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter