Шавкат Мирзиёев спортга оид янги қарорга имзо чекди
Ўзбекистон Президентининг «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Қарорга кўра гимнастикани ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда.
Жумладан, гимнастика спорт турларининг аҳоли ўртасида оммавийлигини ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;
- мактабгача ёшдаги болаларнинг гимнастика спорт турлари билан шуғулланишлари учун кенг имкониятларни яратиш ва уларнинг ушбу спорт турлари бўйича бошланғич кўникмаларини шакллантириш;
- умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия дарсларида гимнастика спорт турлари бўйича машғулотларни босқичма-босқич кўпайтириш ҳамда машғулот ва тўгаракларни тизимли йўлга қўйиш;
- гимнастика спорт турлари бўйича профессионал тренерлар, малакали ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда видеоматериаллар ишлаб чиқиш;
- спорт-таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, республикада гимнастика спорт турлари учун зарур бўлган спорт жиҳозлари ва инвентарларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
- қизлар ўртасида эрта ёшдан гимнастика спорт турларини ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларига гимнастика спорт турлари бўйича миллий терма жамоа спортчиларини тайёрлаш дастурларини янада такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Гимнастика спорт турларини оммалаштириш мақсадида боғчаларда «Гимнастикага илк қадам» дастури, умумтаълим мактабларида эса «Гимнастика болалар учун» дастури жорий қилинади.
Иқтидорли спортчиларни селекция қилиш ва уларни халқаро стандартлар асосида профессионал тайёрлаш мақсадида Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилмоқда.
Олий маълумотли тренерлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида гимнастика бўйича амалдаги ўқишга қабул қилиш квоталарини 2 бараварга ошириш назарда тутилади.
Шунингдек, миллий терма жамоалар гимнастларини Париж-2024 Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича 1 ой муддатда қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter