Ришод Собиров янги лавозимга тайинланди
Жорий йилнинг 4 cентябрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, иқтидорли ёшларни топиш учун кучли селекция тизимини яратиш борасида аниқ кўрсатмалар берган эди.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимиздаги жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги ташкилотларда, спорт федерасияларда бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон кураш федерацияси ижроқўм аъзолари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам бу борадаги долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Унга кўра кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони, дзюдо бўйича уч карра Олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Ришод Собиров кураш федерацияси раисининг спорт ишлари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Худди шунингдек, тажрибали мутахассис, қатор хорижий мамлакатларда кураш тарғиботи билан шуғулланган, Таиланд, Қатар, Ветнам, Индонезия ва Туркманистон давлатларида ўтган Осиё ўйинларида кураш мусобақаларининг ташкилий ишларида бевосита иштирок этган, ўнлаб жаҳон чемпионларининг устози, халқаро тоифадаги ҳакам Олим Ҳайитов федерасиянинг Илмий кенгашига раис этиб сайланди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter