Қишки олимпиадага тайёрланиш бўйича президент қарори имзоланди
Шавкат Мирзиёев «2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарорни имзолаган.
Унга кўра, қуйидагилар Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланган:
- илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий қилиш орқали ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш;
- қишки спорт турлари бўйича нодавлат спорт-таълим муассасалари, клублар ва тўгараклар тармоғини кенгайтириш, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш;
- мавжуд салоҳият ва имкониятлардан келиб чиқиб, ҳудудларни қишки олимпия ва паралимпия спорт турларига ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда қишки спорт турларини ривожлантириш;
- қишки спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзоларини шакллантириш, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда уларнинг иштирокини таъминлаш.
Шунингдек, 2023-2025 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида:
- фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, кёрлинг, хоккей, парахоккей ва паракёрлинг бўйича профессионал спортчи, малакали тренер ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳудудида замонавий муз саройи барпо этиш;
- Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Чимён қишлоғида фристайл, тоғ чанғиси, сноуборд, паратоғ чанғиси, парасноуборд, парахоккей, паракёрлинг каби спорт турларини ривожлантириш мақсадида спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабига қарашли «Пахтакор» спорт базаси негизида қишки спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзолари учун 60 ўринга мўлжалланган Олимпия тайёргарлик марказини ташкил этиш;
- Тошкент шаҳрида Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактабини ташкил этиш кўзда тутилган.
Қуйидаги мақсадли кўрсаткичлар белгиланган:
- қишки Олимпия ўйинлари бўйича 29 та дастурда иштирок этиш ҳамда 7 та спорт тури бўйича 8 та лицензияни қўлга киритиш, шу жумладан, 3 та истиқболли олимпия спорт тури (чанғида югуриш, фристайл ва кёрлинг) бўйича 10 та дастурда иштирок этишни;
- қишки Паралимпия ўйинлари бўйича 4 та дастурда иштирок этиш ҳамда паратоғ чанғиси бўйича 2 та лицензияни қўлга киритиш, шу жумладан, парахоккей бўйича дастурда иштирок этиш.
Бундан ташқари:
- Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри фигурали учиш, хоккей, шорт-трек, кёрлинг, парахоккей, паракёрлинг спорт турларига;
- Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг тоғли ҳудудлари тоғ чанғиси, сноуборд, фристайл, ski-альпинизм, паратоғ чанғиси, парасноуборд спорт турларига ихтисослаштирилади;
- илғор ва инновацион технологияларни жалб қилган ҳолда салоҳиятли ҳудудларда зарур инфратузилмани яратиш, бу борада инвесторларни жалб этиш, уларга бўш ер майдонларини белгиланган тартибда ажратиш ва қурилиш ишларига рухсат берилади;
- тоғли ҳудудларда жойлашган спорт-таълим муассасаларида тоғ чанғиси ва ski-альпинизм бўйича бўлимлар ташкил этилади ва уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланади;
- муз саройлари мавжуд ҳудудларда фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, кёрлинг, хоккей, парахоккей, паракёрлинг бўйича бўлимлар очилиб, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамланади;
- қишки спорт турлари бўйича нодавлат спорт-таълим муассасалари ташкил қилиниб, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватланади;
- қишки спорт турлари бўйича ҳудудлар кесимида миллий терма жамоа аъзолари шакллантирилади ва 2023 йилдан бошлаб республика мусобақаларида уларнинг иштироки тўлиқ молиялаштирилади;
- мавжуд салоҳият ва имкониятдан келиб чиқиб, ҳудудларда қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш бўйича ҳомийлар бириктирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter