Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда теннис қандай ривожланмоқда?

Ўзбекистонда теннис қандай ривожланмоқда?

Дунёда ривожланган спорт турлари талайгина — футбол, хоккей, волейбол, баскетбол. Улар орасида тенниснинг ҳам ўрни катта. Масалан, Рафаэл Надал, Рожер Федерер ва Новак Жоковичлар ўртасида кечадиган баҳслар анча мунча футбол ўйинидан кам шов-шув кўтармайди. Ўзбекистонда ҳам бу ўйинга қизиқиш каттагина.

Ҳар қандай спорт турининг ривожи унга бериладиган эътибор билан боғлиқ. Теннис — бутун дунёни ўзига ром этган ўйин. Ҳозирда ушбу спорт тури юртимизда ҳам жадал ривожланмоқда ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бунга катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Исбот эса шундаки, ўтган ҳафта юртимизда ўсмирлар ўртасида иккита муҳим халқаро мусобақа - G3 NBU CUP ва ITF JUNIORS J2 турнирлари ўтказилди. Унда вакилларимиздан ташқари Россия Федерацияси, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Тожикистон, Франция, Словакия, Буюк Британия, Беларусь, Исроил, Германия давлатларидан ташриф буюрган 18 ёшгача бўлган спортчилар кортга чиқишди.

Бу мусобақалар юртимизда теннис ривожига қай даражада таъсир кўрсатиши мумкин?

Аввало шуни таъкидлаб ўтиш ўринлики, Республика олимпия заҳиралари теннис мактаби кортларида ўтган G3 NBU CUP халқаро турнири ўсмирлар ўртасида ITF туркумига киради.

— Ушбу мусобақа ёш спортчиларни келажакда қандай ютуқларга эришишида жуда муҳим имконият яратади, — деди мусобақа ҳақида Республика олимпия заҳиралари теннис мактаби директори Самуг Обидов. — Улар мана шундай беллашувлар орқали тажриба орттиришади, Халқаро федерация рейтингини қўлга киритишади. Профессионал мусобақага чиққанда мана шу тажриба уларга ёрдам беради.

Ушбу мусобақанинг қизлар ўртасида кечган баҳсларида россиялик Алефтина Ибрагимова, йигитлар ўртасидаги баҳсда эса жанубий кореялик Воо бин Шин ғолибликни қўлга киритишди.

Шунингдек, 7-12 июнь кунлари бўлиб ўтган ITF JUNIORS J2 мусобақаси ҳам қизғин баҳсларга бой кечди. Қуръа ташлаш пайтида барча турнир ўйинчилари халқаро рейтингдаги таснифларига кўра турнир жадвалига бириктирилди.

Яккалик асосий тур баҳсларида Ўзбекистон шарафини 14 нафар спортчи ҳимоя қилди, шулардан 10 нафари йигитлар (улардан тўрт нафари мусобақанинг асосий ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди) 4 нафари эса қизлар.

Асосий турдаги жуфтлик ўйинларда 14 та спортчи ўйин кўрсатган бўлса, шулардан 5 таси қизлар 9 нафари эса йигитлардан иборат бўлди. Мусобақа юқори ташкилотчилик руҳиятида ўтди ва Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Ирода Тўлаганова яратилган шароитларга юксак баҳо берди.

— Энг аввало бош ҳомиймиз Ўзмиллийбанкка миннатдорчилик билдирмоқчи эдим. Юртимизда бундай савиядаги мусобақани ташкил этиш учун банк барча шароитни яратиб бермоқда. Хориждан келган теннисчилар жуда мамнун, улар фақат бир нарсадан — ўта жазирама иссиқдан шикоят қилишлари мумкин. Бошқа томонлама ҳеч қандай муаммо йўқ, — Ирода Тўлаганова.

Ўзбекистон ўз вақтида теннис оламига Ирода Тўлаганова ва Денис Истомин каби иқтидорларни етказиб берган. Ҳозир Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штабининг умиди ёш теннисчиларга қаратилган. Асосий мақсад эса 2025 йилда юртимизда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш. Бунинг учун лозим бўлган барча ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзмиллийбанк кўмагида ёш теннисчилар хорижда ўтказилаётган мусобақаларда иштирок этмоқда. Тожикистонда бўлиб ўтган TTF Open 2021 турнири эса тўлиғича ўзбекистонлик теннисчиларга бағишланди. Мусобақада барча тоифадаги совринлар ҳамюртларимизга насиб қилди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бундан сўнг ҳам юртимизда теннис ривожи учун лозим бўлган барча чора-тадбирларни амалга оширишда давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг