Ўзмиллийбанк ва Natixis 200 млн евролик кредит линияси келишувини имзолади

Франция Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳамда дипломатик муносабатлар ўрнатган биринчи давлат ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2025 йил 11-13 март кунлари Францияга бўлиб ўтаётган расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликнинг изчил ривожланиб бораётганининг яна бир тасдиғидир.
Ташриф доирасида 11 март куни Париж шаҳрида икки мамлакат ишбилармон доиралари ва давлат идоралари вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбир давомида томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар ва янги ўсиш нуқталарини аниқладилар.
“Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ (Ўзмиллийбанк) ва Natixis банки ўртасида 200 млн. евро миқдорида кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишув имзолангани бизнес-форумнинг муҳим воқеаси бўлди.
Шунингдек, таъкидлаш жоизки, 2025 йил учун мўлжалланган давлат инвестиция дастурига мувофиқ, Ўзмиллийбанкка халқаро молия институтларидан жами 1,2 млрд. долларлик кредит линияларини жалб қилиш вазифаси қўйилган.
Жалб қилинган маблағлар мамлакатдаги инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, жумладан, туризм салоҳиятини ривожлантириш, транспорт, уй-жой қурилиши, хизматлар соҳаси, муқобил энергия, замонавий клиникаларни қуриш, аэропортларни модернизация қилиш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 16 декабрдаги маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш борасидаги топшириқлари ижросини таъминлайди.
Мазкур кредит линияси Европа экспорт-кредит агентликларининг суғурта кафолати остида ва Ўзбекистон Республикаси давлат кафолатисиз тақдим этилади.
Имзоланган келишув Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун қўшимча туртки бўлади.
Маълумот учун: Natixis 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда Франциянинг етакчи корпоратив ва инвестиция банки ҳисобланади. Шу билан бирга, Франциядаги иккинчи йирик банк гуруҳи бўлган BPCE гуруҳининг шўъба корхонаси таркибига киради. Унинг глобал филиаллар тармоғи 30 та мамлакатда мавжуд.
Асосий кўрсаткичлари: активлар – 472,5 миллиард евро, капитал – 19,6 миллиард евро, айланма капитал – 4,1 миллиард евро, соф фойда – 800 миллион евро.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter