Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон каратэ федерациясида қўшҳокимлик: аслида ким президент?

Ўзбекистон каратэ федерациясида қўшҳокимлик: аслида ким президент?

Ижтимоий тармоқ ва айрим сайтларда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси раҳбарияти билан алоқадор турли хабарлар тарқалди, миш-мишлар урчиди. Уларда асосан федерация президентлиги учун “кураш” ҳақида айтилади. Аслида нима бўлган эди? Федерацияда ҳақиқий вазият қандай? Бугун Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти ким?.

ЎзА мухбири ушбу саволларга жавоб топиш ва вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида 12 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари таклифи билан 2018 йил май ойида Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президентлигига расман сайланган Нурхон Нафасов билан учрашди.

(Изоҳ: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси, 6 ДАН қора белбоғ соҳиби Нурхон Нафасов 1996-2006 йилларда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти лавозимида ишлаган).

Нурхон Нафасов: Адоват эмас, адолат енгсин...

– 2006 йилда 70 мингдан ортиқ ёшларимиз каратэ билан шуғулланарди. Бугун уларнинг сони 7-8 минг атрофида, оммавийлик даражасидан анча йироқлашиб кетган, – дейди Н. Нафасов. – Очиқ айтаман, ўтган йиллар давомида каратэни халқимиз, хусусан, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш тизими издан чиққан эди. Оқибат нима бўлди? Каратэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси инқирозга учради. Гап шундаки, ўтган даврда фақат 6-7 нафар спортчига эътибор қаратилган холос. Шу спортчилар 4-5 йил давомида муттасил чет элма чет эл мусобақаларда юрган. Улар бир кун жароҳат олса, эртага нима бўлади, деган фикр бўлмаган. Ўз навбатида, Ўзбекистонда улардан бошқа спортчилар йўқми, деган савол туғилади. Терма жамоада захира спортчилар тўпланмаган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган шаффофлик сиёсати самараси ўлароқ, 2018 йил май ойида 12 йиллик танаффусдан сўнг мени Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президентлигига тавсия қилишди. Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистонда каратэ спорти инқирозга юз тутмоқда, уни ривожлантириш керак, таклифларингизни беринг, деди. Таклифларимни ўртага ташладим. Конференция бўлди ва мени делегатлар Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президенти этиб сайлашди.

Албатта, олдимизда жуда катта вазифалар турганди. Биз ишни, каратэни оммалаштиришни болалар боғчасидан, мактаб ва коллежлардан бошладик. Бугун 140 га яқин боғчада, 300 га яқин мактабда каратэ тўгараги иш бошлаган. Бу йил биринчи марта коллежларда каратэ секциялари фаолиятини йўлга қўйдик. Ижтимоий роликлар тайёрладик. Лицензия бериш тартибини енгиллаштирдик. Бу каратэни оммалаштиришда қўл келадиган усул. Жаҳон ва Осиё федерациялари билан алоқаларни қайта тикладик. 2020 йилгача бўлган катта дастур ишлаб чиқдик. Шу асосда 2 йилда каратэ билан шуғулланадиган ёшларимиз сонини 30 мингга етказишни режалаштирганмиз.

Каратэ бўйича Истанбул пример лигасида 1 кумуш медални, Иорданияда бўлган Осиё чемпионатида 2 бронза медални, Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида 1 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритдик.

Шу ўринда бундан 5-6 ой олдинги вазиятни яна бир бор эслаш ўринли. Терма жамоани саралашга киришганимизда бор йўғи 100 га яқин спортчи бор эди. Биринчи, иккинчи, учинчи рақамли спортчиларни тополмадик. Йўқ. Терма жамоа аслида минглаб спортчилар орасидан сараланиши яхши натижа беради.

Биз дастлаб, федерациянинг вилоятлардаги масъуллари билан ишлашни бошладик. Уларни "уйғотиш” ҳаракатидамиз. Иш ва натижа талаб қилаяпмиз. Ҳозиргача вилоятдаги биронта масъулимизни “ухлатмадик”. Чунки вазифа кўп, муаммо кўп. Уларни ҳал қилиш керак. Бу кўпчиликка ёқмайди, албатта. Улар тинчгина ишлаб юрган эди. Тўйга борса тўрга ўтириб. Бугун уйғонмасак, ислоҳотларимизга ҳамоҳанг яшамасак бўлмайди, ахир...

Яна бир эътиборли жиҳат. Шу пайтгача федерацияда нақд пул билан иш қилинган. Биз нақд пул айланиш тизимига барҳам бердик. Энди ҳамма жараён пул ўтказиш йўли билан бўлади. Бу ҳам кўпчиликка ёқмагани табиий.

Режалар катта. Ўзбекистонда каратэ базасини яратишимиз керак. Ҳозир федерацияда база йўқ. Болалар мактаб, коллежларнинг залларида аренда асосида шуғулланади. Терма жамоа эса ижарадаги заллардан фойдаланиб келади.

Биз Нурхон Нафасовдан бугунги вазият, умуман, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси ҳақидаги турли гап-сўзларга изоҳ сўрадик.

– Бугун расман Ўзбекистон миллий каратэ федерациясида ишлаяпмиз, – дейди Н.Нафасов. – Тушундим, сиз билмоқчи бўлган маълумот бу эмас. Энди очиғини айтаман.

Тўғри, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси президентлиги лавозими атрофида гап-сўзлар урчиди. Вазият аслида қандай бўлган эди?

Федерациянинг аввалги президенти Аъламжон Муллаев кўрсатмаси билан Миллий олимпия қўмитаси президенти У.Аҳмаджонов номига шу йилнинг 25 сентябрь куни сохта хат ёзилган. Сохталиги нимада исботини топади? Биринчидан хат Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси ижрочи директори Н.Иминов имзоси билан юборилган.

Федерация штатлар жадвалида эса ижрочи директор лавозимининг ўзи йўқ. Иккинчидан муҳр эски, яъни Маданият ва спорт вазирлиги сўзлари билан турибди. Аслида янги муҳр бизда-ку.

(Бизда Нурхон Нафасов тақдим этган Миллий олимпия қўмитасига йўлланган сохта хат, вилоят федерациялари масъул шахслари конференцияда иштирок этмагани ҳақида жавоб хатлари ва бошқа ҳужжатлар сақланмоқда)

Хуллас шу сохта хатда вилоят федерацияларидан охирги пайтда Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси фаолияти қониқарли тарзда олиб борилмаётгани ҳақида келиб тушган аризаларни инобатга олган ҳолда, 2018 йил 26 сентябрь куни навбатдан ташқари конференциянинг низомга асосан ўтишини таъминлаб беришда амалий ёрдам ва конференцияда Миллий олимпия қўмитасидан вакил иштирок этиши сўралган.

Шу тариқа гўёки конференция бўлиб ўтган ва унда Аъламжон Муллаев президент этиб сайланган. Бу конференцияда Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов иштирок этган. Аслида федерация низомига кўра, конференция ўтиши учун асос сифатида саноқ комиссияси томонидан квориум тасдиқланиши керак. Улар ўтказган конференцияда эса бор-йўғи 3-4 вилоятдан делегат келган. Асосан спортчилар келишган. Кулгили ҳолат. Спортчилар делегат сифатида иштирок этиши мумкин эмас. Улар спорт билан шуғулланиши керак.

Бизнинг қўлимизда 9 вилоятдаги вакилларимизнинг ушбу конференцияда қатнашмагани тўғрисидаги билдирги хатлар бор.

Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Жасур Матчанов эса шу конференцияда иштирок этиш учун борган бизнинг вакилларни ичкарига киритмаган.

Хуллас, конференцияда тўрт-бешта спортчи қўл кўтарган. А. Муллаев сайланган. Сўнг қарсак чалинган.

Аслида федерацияда Раёсат бор. Агар мен хато қилган бўлсам, ишни бошқара олмаган бўлсам Президиум аъзолари ёки Тафтиш комиссияси йиғилиш ўтказиб, ишдан олиши мумкин. Умуман федерациянинг конференциясини федерация президенти, Раёсат ва Тафтиш комиссияси чақириш ҳуқуқига эга.

Яқинда Жаҳон каратэ федерацияси президенти Антонио Эспионос бу машмашалардан ранжиб Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президентига хат йўллаган. Хатнинг мазмуни бу каби ишончсиз ҳаракатлар Ўзбекистонда каратэ спорт турини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётгани ҳақидадир.

Ҳозир жимжитлик. Бу дегани балки сохта федерация тан олинганидан даолатми, мен билмайман. Менга миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ж.Матчанов телефон қилиб, конференция бўлди, муҳрни бериб юборинг, деди. Ҳайрон бўлдим. Ноқонуний конференцияни ўтказишдан ким манфаатдор ўзи?

Бу вазиятга Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси қандай муносабат билдиради? Шу саволга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасига мурожаат қилдик.

Улардан олинган жавобни қуйида асл ҳолида эълон қилмоқдамиз.

Маълум бўлганидек, Нурхон Нафасов ва Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси фикрлари қарама-қаршидир. Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш, асл вазиятга қонуний изоҳ бериш тегишли ташкилотлар зиммасидаги иш эканлигини инобатга олиб қоламиз.​

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг