Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Суд Нурхон Нафасовни ЎКМФ раислигига тиклади. Аввалги раҳбарлар тергов қилинмоқда

Суд Нурхон Нафасовни ЎКМФ раислигига тиклади. Аввалги раҳбарлар тергов қилинмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Нурхон Нафасовни Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси (ЎКМФ) раҳбарлигидан ноқонуний бўшатилган деб топди ва уни лавозимга тиклаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди. Мазкур маълумотни Олий суд матбуот хизмати тасдиқлади.

Бу — Н. Нафасов ва Ўзбекистон ЎКМФ ўртасидаги низо бўйича бўлиб ўтган биринчи суд эмас.

Гап шундаки, 1996-2006 йиллар мобайнида мазкур федерацияни бошқарган Н.Нафасов (Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, қора белбоғ 6-ДАН соҳиби) ўн икки йиллик танаффусдан сўнг (2018 йил, май) яна Ўзбекистон КМФ раҳбарлигига сайланганди. Бироқ орадан тўрт ой ўтмай, у можароли тарзда лавозимдан четлатилади.

Шундан сўнг каратэ спорти масъуллари ўртасида судда «тепишиш» бошланиб кетганидан кўпчилик бохабар. Яъниким, кутилмаганда ишидан мосуво бўлган Н.Нафасов судга мурожаат қилади. Узоқ давом этган суд, пировардида, Ўзбекистон Каратэ миллий федерациясининг 26.09.2018 йилдаги йиғилиш баённомаси ва қарорини ҳақиқий эмас, Нурхон Нафасовни федерация раҳбарлигидан озод этиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топади (2019 йил, сентябрь).

Суднинг мазкур ҳал қилув қарори юқори инстанцияларда ҳам кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилади.

Бироқ масалага суд қарори ҳам нуқта қўйгани йўқ. Судда ютқазган ЎКМФнинг «Нафасов ўрнига келган» мутасаддилари (А.Муллаев ва бошқалар) 2019 йилнинг 28 декабрь куни Миллий федерациянинг навбатдан ташқари йиғилишини чиқариб, унда ташкилий масала кўриб чиқади ва ташкилотнинг янги раҳбар органини сайлашади. Бу билан бир ўқ воситасида икки қуён урилади, гўё. Биринчидан, суд қарори «брак»ка чиқарган аввалги йиғилиш қарори ва баённомаси «янгилаб» қўйилган бўлса, иккинчидан, шу тариқа А. Муллаев яна ЎКФМ раҳбарлигини сақлаб қолади. Мазкур тадбир ҳақида тарқатилган хабарда эса «федерациянинг собиқ раҳбари Нурхон Нафасов ва Аламжон Муллаев ўртасида узоқ муддат» давом этган суд ишларига барҳам берилгани алоҳида қайд этилади.

Аммо амалда бундай бўлмади. Н. Нафасов яна бир бор судга мурожаат этиб, «суд ишларига барҳам берган» федерациянинг 2019 йил 28 январь кунги навбатдан ташқари конференцияси баёни ва қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва ўзини ЎКМФ раҳбарлигига тиклашни сўрайди.

Суд, юқорида айтилганидек, даъвони қаноатлантириб, конференция баённомаси ва йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда Нурхон Нафасовни федерация раислигига тиклаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.

Айтилишича, даъвогар судда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш талабини қўймаган.

Қонунчиликка кўра, ишга тиклаш ҳақидаги суд қарори дарҳол ижро этилиши керак.

Яна бир гап. Жорий йил бошида Ўзбекистон каратэ миллий федерациясининг (эндиликда собиқ) раҳбари А. Муллаев ва бошқа мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси («ишониб топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва талон-торож қилиш») аломатлари билан «иш» очилганди. Бугунга келиб, жиноят ишининг бир қисми суд муҳокамасига юборилган. Қолган қисми бўйича тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг