Нурободга чемпион керак эмас(ми?)
Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳокимлиги, халқ таълими бўлими ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши мутасаддилари диққатига!
Яқинда пойтахтимизда ниҳоясига етган шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги республика чемпионатида Самарқанд вилояти ўқувчилари 12 олтин, 5 кумуш, 6 бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Бу муваффақиятга рапид йўналишида 15 ёшгача қизлар ўртасида олтин медалга сазовор бўлган Севинч Алимова ҳам ҳисса қўшди.
Севинч Алимова — Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 75-мактабнинг 7-синф ўқувчиси. 2004 йил 7 май куни Нуробод тумани «Улус» МФЙ Иттифоқ қишлоғида туғилган. Шахмат билан 5 ёшидан шуғулланиб келмоқда. Биринчи мураббийи — отаси Юнус Исмоилов. Ҳозирги мураббийи — Лайло Эрфан.
Эришган ютуқлари:
2012 йил — 8 ёшгача қизлар ўртасида республика чемпионатида 2-ўрин.
2014 йил — 10 ёшгача қизлар ўртасида республика чемпионатида 2-ўрин.
2017 йил — мактаб ўқувчилари ўртасида республика чемпионати блиц йўналишида 13 ёшгача қизлар ўртасида 1-ўрин.
2018 йил — 14 ёшгача қизлар ўртасида республика чемпионатида 1-ўрин.
2018 йил — мактаб ўқувчилари ўртасида республика чемпионати рапид йўналишида 15 ёшгача қизлар ўртасида 1-ўрин.
Шахмат бўйича мамлакат чемпиони бўлиш қанчалик меҳнат талаб қилишини соҳадан хабари бор инсонлар яхши билади. Ўзбекистонда сўнгги пайтларда пойтахт билан бир қаторда Самарқанд вилояти ёшлари ҳам пешқадам бўлиб келмоқда. Севинч Алимова эса шахмат бўйича Нуробод туманидан етишиб чиққан илк Ўзбекистон чемпионидир.
Бунда отаси — биринчи мураббийи, тумандаги 75-мактабнинг собиқ ўқитувчиси Юнус Исмоиловнинг ҳиссаси катта. Шу йил февраль ойида неча йиллик меҳнатлари самара бериб, қизи Ўзбекистон чемпиони деган шарафга эришган вақтда Юнус Исмоилов унинг ёнида бўлолмади. Гап шундаки, рўзғоридаги қийинчиликларни бартараф этиш, фарзандлари (3 ўғил, 1 қиз) яхши ўқиб, ўзларига мос касб эгаси бўлиб улғайиши учун, қисқаси, оиласига муносиб шароит яратиш мақсадида у Россияга ишлагани кетганди. Аммо мўлжалидагидек ҳақ бериладиган иш тополмай, ортига қайтди. Шахматчи қизи мактаб ўқувчилари ўртасидаги республика чемпионатида иштирок этиш учун етарли маблағ жамғариш мақсадида тишининг ковагида асраб юргани, бору йўқ бойлиги — ғунажинини сотиб, Севинчни етаклаб Тошкентга келди...
Севинч оилада иккинчи фарзанд. Акаси коллежда, икки укаси мактабда ўқийди. Болалар улғайгани сари оилавий харажатлар ҳам ортиб бормоқда. Севинч шахмат билан янада жиддий шуғулланмоқчи, бунинг учун уйида интернетга уланган замонавий компьютер, энг сўнгги шахмат дастурлари бўлишини анчадан буён орзу қилади. Шахматчи сифатида ўсиши учун энди янада кучли мураббийлар сабоғини олиши лозим. Кучли мураббийлар эса вилоят марказида, вилоят марказига эса қишлоқдан 75 километр йўл босиб бориш керак. Афсуски, айни кез Севинч Самарқандга қатнаб шуғулланолмайди. Интернет орқали боғланиб, мураббийдан зарур кўрсатмаларни олиши, вазифалар олиб бажариши мумкин-ку дерсиз. Мумкин албатта. Аммо бунинг учун энг аввало компьютери бўлиши керак-да. Оила бюджети эса ҳозирча бундай харидни кўтармайди.
Молиявий муаммолар-ку бартараф этилар. Бироқ Севинч мамлакат чемпиони бўлиб қайтганидан сўнг на туман ҳокимлиги, на халқ таълими бўлими, на Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашидан бирон мард чиқиб, кўпчиликнинг олдида икки оғиз мақтаб, сўнгги русумдаги компьютер совға қилгандир, ҳеч бўлмаса «Туманимиздан шундай иқтидорли қиз чиқибди, Ўзбекистон чемпиони бўлибди, туманимиз донгини мамлакатга ёйибди» дея қўлини қисиб, «Отангга раҳмат, қизим! Сен туманимизнинг фахрисан!» дегандир дейсизми? Йўқ-да! Айтилса, мактабида айтилди, синфида айтилди...
Гўё Нурободдан ҳар ҳафта, ҳар ой бир чемпион чиқавериб, мутасаддилар эса уларни қутлаб, мураббийларини эъзозлаб, қимматбаҳо совға-салом беравериб, чарчаб қолгандек, чемпионлардан «эти қотган» чоғи, Севинчнинг шундай нуфузли мусобақа ғолиби бўлганини фақат синфдошлари, нари борса, мактабдошлари билди, холос...
Яхши отга бир қамчи деганларидек, мазкур луқмадан мутасаддилар тегишли хулоса чиқаради деган умиддамиз. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор бериб, умумтаълим мактабларида шахматдан дарс бериш масаласини кўтарганида, Севинч каби ноёб иқтидорларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодини юзага чиқариш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Дарвоқе, Севинч Алимова шу йилнинг ноябрида Грецияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Муҳими, туман раҳбарларининг лоқайдлиги ва бепарволигига қарамай, ёш шахматчи мазкур нуфузли мусобақага ҳозирданоқ пухта тайёргарликни бошлаб юборган. Унга жаҳон чемпионати ва келгуси баҳсларда муваффақият тилаймиз.
Ҳусан Карвонли
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter