Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Милан дербиси бошланишига саноқли дақиқалар қолди: Суперкубок олдидан нималар маълум?

Милан дербиси бошланишига саноқли дақиқалар қолди: Суперкубок олдидан нималар маълум?

Бугун, 18 январдан 19 январ ўтар кечаси Саудия Арабистонида Италия суперкубоги учун А сериянинг амалдаги чемпиони «Милан» ҳамда Италия кубоги соҳиби «Интер» ўртасидаги ўйин бошланади.

«Derby della Madonnina» ҳам дея аталувчи Милан дербиси, икки гранд тўқнашуви узоқ вақт эсда қоларли ўйин бўлиши кутилмоқда.

Тоиф шаҳридаги Подшоҳ Фаҳд номидаги стадионда ўйин бизнинг вақт билан соат 00:00 да бошланади. «Спорт» телеканали ўйинни жонли эфирга узатади.

Ушбу ўйинда рақиб-жамоалар жами 7,5 миллион евро ишлайди, шундан 10 фоизи А серия ғазнасига кетади, қолган пул жамоалар ўртасида тақсимланади — ғолиб 500 минг евро кўпроқ олади.

Милан дербисининг тарихи бой. Жамоалар расмий турнирларда ўзаро 200 мартадан кўпроқ тўқнаш келган ва бир-бирларининг дарвозаларига қарийб 600 та гол урган. Бироқ улар Италия суперкубогида бор-йўғи иккинчи марта тўқнашмоқда!

А сериянинг ўтган икки мавсумида рақиблар қувлашмачоқ ўйнашди. 2020/21 мавсумида «Интер», кейингисида «Милан» скудеттони ўзиники қилди. Бироқ бу мавсум бошқача манзара: «Наполи» энг яқин таъқибчиси «Милан»дан 9 очко илгарилаб кетиб, карвонбошилик қилмоқда, «Интер» эса «Ювентус»ни ўтказиб юбориб, тўртинчи поғонада илиниб турибди.

ЖЧ-2022 танаффусидан «Милан» ланжроқ қайтди, «Рома» ва «Лечче»га қарши ўйинларда дуранг ўйнади, Италия кубоги учун курашдан эса чиқиб кетди. Узоқлашиб бораётган скудетто Суперкубокни қўлга киритиш учун рағбат бериши мумкин.

«Интер» ўтган йили «Ювентус»ни енгиб, Суперкубокни эгаллади ва уни энг ашаддий рақибига осонликча бериб қўймаса керак. Қўшимча вақтларда «Парма»га урган голи сабаб Кубок учун курашда давом этмоқда. Лукакунинг жароҳат олгани яхши бўлмади, бироқ у бу мавсум «Интер» либосида атиги 7 марта майдонга тушганлиги нуқтаи назаридан, ўрни кўп билинмаса керак.

Қизиғи, «Интер» бош мураббийини Лукакунинг йўқлиги эмас, балки жамоа меҳмонхонаси ўзгаргани кўпроқ ташвишлантиряпти. Индзаги фаолияти давомида уч марта Суперкубокни ютган, шулардан иккитаси айнан Саудия Арабистонида қўлга киритилган, жамоа ҳар сафар битта меҳмонхонада турган. Бироқ бу гал бошқа меҳмонхона берилганини билгач, Индзагининг қони қайнади. Бу «Интер»га, умуман, финалга таъсирини ўтказадими — кўрамиз. Саноқли дақиқалардан сўнг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг