Илюмжинов FIDE президентлигидан четлатилди, у эса ташкилотни судга бермоқчи
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)нинг ахлоқ бўйича комиссияси Кирсан Илюмжиновни ташкилот президенти лавозимидан четлатди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Илюмжинов устидан комиссияга шикоятни ташкилот вице-президенти Георгиос Макропулос топширган.
Комисcия қарорига кўра, президент 2017 йилнинг март ойидан то 2018 йил апрелига қадар ташкилотнинг ахлоқ кодекслари қоидаларини бузиб келган.
Комиссия маълумоти: «Илюмжинов ташкилот банк ҳисоблари ёпиб қўйилганидан сўнг ўз лавозимидан кетишни рад этди, бўҳтон ва иғво баёнотлари билан FIDE президентлик кенгаши аъзоларини обрўсизлантиришга уринди».
Қисқаси, Илюмжинов ўз манфаатларини ташкилот манфаатларидан устун қўйиб, ваколатларини ошириб юборганликда айбланган.
Янги президент сайланади
«ТАСС» хабарида Илюмжинов 18 ойга четлатилгани айтилган. Жорий йилнинг 13 июлидан у олти ойга четлатилади, қолган 12 ой шартли бўлиб икки йиллик синов муддати бор.
Грузиянинг Батуми шаҳрида 3 октябрь куни FIDE конгресси ўтказилиши ва ташкилотга янги раҳбар сайлови ўтказилиши кутилмоқда. 1995 йилдан президент бўлиб келаётган Илюмжинов сайловга номзодини қўймади. FIDE президентлигига ҳозирги вице-президент Георгиос Макропулос, британ гроссмейстери Найжел Шорт ва Россия шахмат федерацияси васийлик кенгаши аъзоси Аркадий Дворкович номзодлари қўйилган.
Илюмжинов ташкилот билан судлашмоқчи
«Известия» нашри эса Кирсан Илюмжиновнинг воқеа юзасидан изоҳини берди:
«Уларнинг бунга ҳаққи йўқ. Улар мен АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган 2015 йилдан бери мени йўқотишга уриниб келишади. Буни халқаро ташкилотнинг ички ишларига аралашув деб ҳисоблайман. FIDE нинг Георгиос Макропулосга ўхшаган айрим ғарблик аъзолари америкаликларнинг ноғорасига ўйнашга уринишмоқда. Мен курашаман. Халқаро арбитраж судига мурожаат қиламан».
FIDE Илюмжиновнинг четлатилишига изоҳ берди
«Бу қарорнинг сиёсатга ҳеч қандай дахли йўқ. FIDE нинг ахлоқ комиссияси мустақил орган — уни бош ассамблея сайлайди», — дея FIDE вакилидан иқтибос келтирган «Reuters».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter