«Фориш» полигонида халқаро «АрМИ – 2019» ўйинларига қизғин тайёргарлик кетмоқда
«Фориш» полигонида Ўзбекистонда илк бор ўтказиладиган «Халқаро армия ўйинларига» тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида ўтказиладиган «АрМИ – 2019» халқаро мусобақаларининг «Ҳарбий-тиббий эстафета» йўналиши Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» полигонида ўтказилади.
«АрМИ – 2018» ўйинлари Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Хитой ва Россия каби давлатларда 28 йўналиш бўйича ўтказилган бўлиб, унда дунёнинг 32 мамлакатидан келган ҳарбий жамоалар иштирок этган эди.
Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 12 йўналиш бўйича иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллаган. Шунингдек, мамлакатимиз ҳарбий жамоаси аъзоси тиббий хизмат капитани Лариса Холмаматова ўтган йилги ўйинларда «Ҳарбий-тиббий эстафета» йўналишининг ҳарбий шифокорлар ўртасидаги «Махсус кўникмалар» беллашувида, яккалик баҳсда иккинчи ўринни қўлга киритган эди.
Айни вақтда «Фориш» тоғ-дала ўқув майдонида мезбон жамоа иштирокчилари мусобақага қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Мусобақа учун яратилган барча шароитлар, жумладан, энг сўнгги русумдаги техникалар жалб этилиши, реал шароитга яқинлаштирилган сунъий жанг майдонининг ташкил этилганлиги, иштирокчиларнинг пухта тайёргарлик кўришига хизмат қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter