«Барса» жиддий йўқотишларга учради
«Барселона» кеча тунда «Атлетик» билан дуранг ўйнади (0:0). Каталонияликларни ранжитган фақат натижа эмас эди.
Хави ўйиндан кейин хафа оҳангда гапирди «биз Педри ва Де Йонгни ўн дақиқада йўқотдик. Бир вақтнинг ўзида қанча оғриқ».
Учрашувнинг 25-дақиқасидаёқ Френки де Йонг тўпиғини қайириб олди ва майдонни тарк этди.
Орадан ўн дақиқа ўтиб, Педри ҳам майдонга қулади ва ўзини йиғидан тия олмаган ҳолда алмаштирилди.
«Де Йонг ва Педрининг жароҳатлари жиддий кўринади. Барча кўрсаткичлар голландиялик футболчининг ўнг тўпиғида жиддий жароҳат борлиги, канарияликнинг эса ўнг сон мушакларининг яна бир жароҳати қайталанишини кўрсатмоқда», - дейди Хави ўйиндан кейин.
12 март куни ЕЧЛ доирасида «Наполи»га қарши ўйинда Френки ва Педрининг тикланиши қийин бўлади. Бу футболчиларнинг мавсумдаги илк жароҳатлари эмас.
Сентябр ойида «Селта»га қарши ўйинда Френки де Йонг оёғидан жароҳат олиб, бир ойдан кўпроқ майдонга туша олмаган, 10 та ўйинни ўтказиб юборганди. Ўшанда жамоа икки марта мағлуб бўлган ва икки бор дуранг ўйнаганди.
Педри учун эса бу унинг мавсумдаги учинчи жароҳати. У жами 15 та ўйинни ўтказиб юборган ва 100 кундан ортиқ майдонга туша олмаган. Испаниялик футболчи 2021/22 йилги мавсумдан буён бешинчи марта оёғидан жароҳат олди.
Шу тарзда каталонияликларда майдон марказида катта муаммолар юзага келди. Чунки жамоанинг яна бир муҳим футболчиси Гави оғир жароҳат туфайли мавсум охиригача сафдан чиққан эди. Ҳозирда учта асосий ярим ҳимоячи жамоага етишмаяпти.
Хавида майдон марказида муносиб вариантлардан фақат Илкай Гюндоган қолди. Фермин Лопес ҳали ўз ўрнини тўлиқ топа олгани йўқ, таянчда ўйнаётган Андреас Кристенсен аслида ҳимоячи, Ориол Ромеу ва Серхи Робертолар эса яхши спорт формасида эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter