5 ёшли ишқибоз бошқа жамоа ўйинчисини сотиб олиш учун пул таклиф қилди
«Лидс» жамоасининг 5 ёшли ишқибози Дэниел Отен Англия премьер-лигасининг (АПЛ) «Брайтон» клубидан ҳимоячи Бен Уайтни севимли жамоасида қолдиришларини илтимос қилди. Болакайнинг мактуби ва «чайкалар»нинг жавоб хати «Twitter»да чоп этилган.
Болакайнинг сўзларига кўра, ижара ҳуқуқи асосида оқларнинг шарафини ҳимоя қилаётган 22 ёшли англиялик ўйинчи унинг севимли футболчисига айланган. Шу боис «Брайтон»дан Уайтни сотишларини сўраган. Отеннинг таъкидлашича, келишув амалга ошиши учун йиққан пулларини (15 фунт стерлинг) ҳам сарфлашга тайёр.
«Брайтон» болакайга йўллаган жавоб хатида жамоа бош мураббийи ва техник директор Уайтга ишонишаётгани ва уни сотишни режалаштирмаётганини маълум қилган. «Чайкалар»нинг вакиллари Отен ёш футболчиларни жуда яхши баҳолай олишини, шу боис келажакда ундан ажойиб скаут чиқишини таъкидлаганлар.
«Брайтон» 29 турдан сўнг АПЛда 15-ўринда бормоқда. «Лидс» эса Англиянинг энг кучли иккинчи дивизиони — чемпионшипда иштирок этиб, 37 турдан сўнг жадвалда етакчилик қилмоқда. Ҳозирги кунда коронавирус пандемияси туфайли иккала мусобақа ҳам тўхтатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter