Ярим йил якуни бўйича «ғалвир сувдан кўтарилиб», сўров қаттиқ бўлади

Эндиликда туманларда иш ҳам, ёндашув ҳам, бошқарув тизими ҳам ўзгариши белгиланди.
Бу тизим йил якунигача Сурхондарёда тўлиқ, қолган ҳудудларда жадал ривожлантириш белгиланган 15 та туман ва шаҳар — Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Қува, Шовот, Ҳазорасп туманлари, Марғилон ва Янгийўл шаҳарларида, Тошкент шаҳрида эса Бектемир туманида жорий қилинади.
Президент Администрацияси ва Ҳукумат вакиллари ҳамда вилоят ҳокимлари бунга масъул бўлади.
Президент янги тизимни Сирдарё тумани мисолида тушунтириб берди.
Жумладан, комплекс ривожлантиришга масъул 9 та вазирликнинг туман бўлими ҳокимлик тизимига ўтади. Булар — иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, оила ва хотин-қизлар, ёшлар бўлимлари.
Туман ҳокими ҳокимлик ва ушбу 9 та идорадаги штатларни ўзи тақсимлаб, қайси бўлимда нечта одам ишлашини, ишга олиш-бўшатишни ўзи ҳал қилади.
Сирдарё тумани ихтиёрида қоладиган маблағлар манбаси кўпайтирилади. Масалан, маъмурий ва молиявий жарималар, солиқ текширувлари бўйича пеня, тоифаси ўзгарган қишлоқ ерлари учун нобудгарчилик компенсацияси, ўрмон ерлари ҳудудларини ижара тушумлари, кўрсатилган давлат хизматларидан тушган маблағларнинг бир қисми туманда қолади.
Бундан туманга йилига қўшимча 12 миллиард сўм тушади.
Эндиликда ҳокимда 4 нафар ўринбосар бўлади. Ривожланиш режасига қараб, қайси масалада ўринбосари бўлишини ҳокимнинг ўзи белгилайди.
Мисол учун, Сирдарё тумани ҳокими келгуси уч йилда туризм, сервис ва логистикани туманни асосий драйвери сифатида кўряпти. Шу боис, унинг иқтисодиёт бўйича 1-ўринбосари бир вақтни ўзида туризм, сервис ва логистикага масъул бўлади. Унга 10 та аниқ вазифа юклатилиб, ҳар бир вазифа ва функцияси маблағи билан мустаҳкамланади.
Худди шундай, ҳоким ва қолган 3 нафар ўринбосарига ҳам аниқ вазифалар молиявий таъминоти билан белгилаб берилади.
Ҳоким, унинг ўринбосарлари KPIни тўлиқ бажарса, кейинги йил ҳудудга бериладиган маблағ 10-15 фоиз кўпайтирилади. Аксинча бўлса, маблағ оширилмайди ва масъул раҳбар ишдан кетади.
Сирдарё тумани ҳокими 9 та идора ходимлари, Савдо-саноат палатаси, банк, солиқ, кадастр вакили ва етакчи тадбиркорлардан иборат «Ислоҳотлар штаби»ни тузади.
«Ислоҳотлар штаби» уч ойда туманнинг 38 та маҳалласи кесимида лойиҳа, инфратузилма, молиявий манба, кадрлар масаласини қамраб олган уч йиллик дастур тайёрлайди. Келгуси йил учун бюджет, инфратузилма, ишлаб чиқариш, хизмат, инвестиция ва бандлик дастурлари шу асосда тасдиқланади.
Натижасига қараб, бу янги тажриба келаси йилдан бутун республикада йўлга қўйилади.
Яна бир муҳим янгилик — ишчан ва жозибадор муҳит яратиш учун 1 августдан барча вилоят ва туман ҳокимликларида иш ҳақи оширилади, ходимларга ишига қараб ойлик устама ва қўшимча бонус берилади.
«Лекин, қарс икки қўлдан чиқади. Ўзига юклатилган вазифани бажара олмаган ходимларга чора кўрилади. Ана шунда ҳамма интизом ва режа билан ишлашга ўрганади.
Вилоят, туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, вазирлар, банк раҳбарлари яхшилаб эшитиб олсин: ярим йил якуни билан «ғалвирни сувдан кўтариб», ким нима иш қилгани бўйича қаттиқ сўров қиламан», — деди Шавкат Мирзиёев маърузаси якунида.
Айни пайтда Президент маслаҳатчилари, Ҳукумат аъзолари, вазирлар ва ҳокимларнинг ҳисоботлари тингланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter