Уинстон Черчиллнинг ҳаётий қоидалари ва машҳур фикрлари
«Тадбиркор баъзи бировлар наздида ҳозироқ отиб ташланиши лозим бўлган йўлбарс, айримлар фикрича, соғин сигирдир. Жуда камчилик эса унинг оғир аравани машаққат билан тортиб кетаётган от деб билади». Бу иқтибос куни кеча Ўзбекистон Президенти томонидан келтирилгач, жамоатчилик орасида бу шахсга нисбатан қизиқиш ошди. Биз қуйида Уинстон Черчилл, унинг ҳаётий қоидалари ва машҳур фикрларини тақдим қиламиз.
Уинстон Черчилл 1874 йилда Буюк Британияда туғилган, оддий аскарликдан тортиб, деярли 60 йил мобайнида мамлакатнинг нуфузли лавозимларида, хусусан, Ички ишлар вазири, Мудофаа вазири ҳамда Бош вазири лавозимларида фаолият кўрсатган. Черчиллнинг жаҳон урушларида эришилган ғалабадаги ҳиссаси муҳим бўлган.
Уинстон Черчилл 1895 йилда Британия армиясининг 4-кавалерия полкига қабул қилиниб, Ҳиндистон ва Судандаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Умри иккита жаҳон уруши орасида ўтган Черчилл нафақат моҳир саркарда, балки истеъдодли адиб сифатида ҳам ном қозонган. У армиядан туриб «The Pioneer» ҳамда «Daily Telegraph» газеталари учун ҳарбий хабарлар ёзиб турган.
Ҳарбийликдан кетиб, мухбир бўлиб ишлаётганида Африкада асирга тушади ва икки минг чақирим масофани босиб ўтиб, асирликдан омон чиқишга эришади. Уруш хотираларига бағишланган «Малакаланд майдонидаги зўравонлик ҳикояси», «Уруш дарёси» китоблари уни адиб сифатида машҳур қилган.
Уинстон Черчиллнинг ҳаёт қоидалари:
Тарихни ўрганинг. Черчилл доимо «тарихни ўрганинг, жамиятдаги барча муаммоларнинг ечими тарихда мавжуд,» дейишдан чарчамас эди. Бўш вақти бўлди дегунча у тарих китобларини ўқир экан. «Мен кўрган ва ёзаётган аянчли тарихга чуқурроқ назар солиш инсониятни урушлардан сақлаб қолади», деган эди у.
Унинг яна бир машҳур фикри: «Агар ортингга ҳам бир муддат қарай олганингда эди, бир оз олдинроқни ҳам кўрган бўлар эдинг».
Қаҳрамон бўлинг ва жасорат кўрсатинг. Черчилл ёзган китобларда ҳарбийларга хос мардлик ва қаҳрамонликлар тасвирланади. Уларни ўқир экансиз, илҳомланиб одамларга яхшилик қилишга, оғир дамларда бошқаларга ёрдам беришга чоғланасиз. Черчилл ўз китобларига «инсон заковати – жасурлиги ҳақидаги ҳикоялар» дея таъриф берар эди.
Аждодларингиз ким бўлганини унутманг. Черчилл ота-боболарининг ҳаётига бағишланган бир қатор таржимаи ҳоллар ёзгач, унинг нуфузи халқ орасида янада ошиб кетган. У доимо ўтмиши билан фахрланиб яшаган экан.
Оилага эътиборли бўлинг ва рафиқангиз фикрига ҳам қулоқ тутинг. Давлат арбобининг турмуш ўртоғи бўлиш осон эмас. Клементина Черчилл энг машаққатли даврда ҳам эрини қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, Уинстен Черчилл ҳам рафиқасига нисбатан эътиборли, ҳурмати юқори бўлган. Сиёсатчи сифатида ҳам, оила бошлиғи сифатида ҳам ҳар масалада турмуш ўртоғи билан маслаҳат қилишни унутмаган.
Муносиб инсон бўлишга қарор қилиш – гўзал тақдирнинг асоси. Уинстон Черчилл доимо мақсад сари интилган ва муваффақиятсизликларни тан олмаган. Асирга тушганида ҳам икки минг чақирим масофани босиб, яшаб қолиш учун, ҳаёт учун курашган.
«Бизнинг барчамиз ер чувалчангларимиз. Аммо мен ўзимнинг тиллақўнғиз эканимни яхши биламан,» дер эди давлат арбоби.
Буюклик йўлида машаққатларни енгишда доноликдан фойдаланинг. «Жамики буюк нарсалар оддий. Уларни ягона сўзлар билан ҳам ифодалаш мумкин: озодлик, адолат, ғурур, бурч, саховат, умид», деган эди жаноб Черчилл.
Ҳамкасблардан фақатгина энг яхшисини талаб қилинг. Иккинчи жаҳон урушида Черчиллнинг талабчанлиги ва қаттиққўллиги натижасида муҳим жангларда ғалаба қозонилган. Унинг узоқ йиллар муваффақиятли раҳбарлигининг асоси ҳам атрофида иқтидорли ходимларни жамлай олгани билан изоҳланади.
Ўзингизга ишонсангиз ҳам, тавозе (камтаринлик) билан ҳаракат қилинг. 1953 йилда Черчиллга Нобел мукофоти берилганида у мукофотни турмуш ўртоғи билан биргаликда қабул қилиб олган. «Умид қиламанки, бу мукофотни менга бериб хато қилмадингиз. Ўзимни бунга у қадар муносиб кўрмасам ҳам, бошқа номзод йўқлиги боис, уни олишга мажбурман», деган эди у миннатдорчилик нутқида.
(Томас Майернинг «Шерлар ўкирганда» китобидан олинди)
Уинстон Черчиллнинг машҳур фикрлари:
Тарихни ғолиблар ёзади.
***
Куч ёки ақл эмас, саъй-ҳаракатда қатъий бўлиш инсон салоҳиятини намоён қилади.
***
Анъанасиз санъатнинг чўпонсиз қўйлар подасидан, илғор ғоялардан маҳрум санъатнинг ўлик танадан фарқи йўқ.
***
Хулқ-атвор катта масалаларни ҳал қилувчи кичкина омил.
***
Ўзгариш юксалиш дегани. Такомиллашиш учун эса тез-тез ўзгариш керак.
***
Агар ўзингизни дўзахда деб ўйласангиз, у ерда қолиб кетмаслик учун, юришда давом этинг.
***
Ўрнидан туриш ва сўзлаш жасорат, шу билан бирга ўтириб, тинглаш ҳам жасоратдир.
***
Пессимист ҳар имкониятда машаққат кўради, оптимист ҳар машаққатда имконият кўради.
***
Душманларинг борми? Бу яхши. Бу ҳаётда нима учундир курашаётганингни англатади.
***
Яшаш учун нимадир олиш кун кўришни англатади. Аммо кимнингдир яшаши учун бирор нима бериш – муносиб ҳаёт шарти.
***
Ҳаётимдаги энг ёрқин ютуғим турмуш ўртоғимни менга турмушга чиқишга кўндира олганимдир.
***
Ҳаракатдан эмас, ҳаракатсизликдан ташвишланганман.
***
Барчамиз айтилмаган сўзларнинг соҳиби, оғзимиздан чиққан сўзларнинг қулимиз.
***
Аввалига биз биноларга шакл берамиз. Кейин эса бинолар бизни шакллантиради.
***
Буюкликнинг қадр-қиммати масъулият билан ўлчанади.
***
Модомики, ўтмиш ва ҳозир ўртасида низо чиқар экан, келажакни бой берамиз.
***
Варрак шамол билан бирга эмас, унга қарши учиб самога кўтарилади.
***
Келажак онгга ҳукмдорлик қилганларники.
***
Буюк ва яхши одам ўртасидаги фарқ унчалик ҳам катта эмас.
***
Инсон ҳар соҳада кучли бўлди-ю, фақат ўзига келганда оқсаяпти.
***
Уруш — қўпол хатолар рўйхати.
***
Муваффақият сўнгги манзил ёки омадсизлик қисмат дегани эмас. Уларнинг ҳар иккаласи жасорат билан ҳисоблашади.
Шуҳрат Сатторов, журналист-таржимон
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter