Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарлари ноябр ойида Самарқандда йиғиладилар
Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг навбатдаги, 9-саммити ноябр ойида Самарқандда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ в.б. Владимир Норов «Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия» мулоқоти биринчи йиғилиши якунлари бўйича брифингда маълум қилди.
«Бугун биз транспорт алоқалари ва ахборот-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш орқали ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва халқаро миқёсда тан олинган чегараларнинг дахлсизлигини қатъий ва сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқладик.
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия аъзо бўлган халқаро ташкилотлар доирасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттиришга тайёрлигимизни билдирдик.
Ҳамкасбларимиз билан жорий йил ноябр ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдик», – дейди Норов.
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли мазкур саммит санасига аниқлик киритиб, унинг жорий йил 11 ноябр куни бўлиб ўтишини ҳамда саммит давомида Туркий давлатлар ташкилоти раислиги Туркиядан Ўзбекистонга берилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги саммит ўтган йилнинг 12 ноябрида Истанбулда бўлиб ўтган эди.
Шундан сўнг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркий Кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилганини маълум қилди.
Илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий Кенгаш) деб аталган Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йил 3 октябрда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ўртасида имзоланган Нахчиван келишуви асосида ташкил этилган. 2018 йилда ташкилотгга Ўзбекистон аъзо сифатида, Венгрия эса кузатувчи давлат сифатида аъзо бўлди.
Шунингдек,ўтган йилнинг ноябр ойида Туркманистон Туркий давлатлар ташкилотига кузатувчи давлат сифатида қўшилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter