Туркий давлатлар дунё сиёсатидаги ғирромликларни енгишга қодирми? Тўрт элчидан тўрт нуқтаи назар
Бир неча минг йиллик тарихга эга туркий халқлар асрлар мобайнида от устида юрди, давру даврон сурди. Аммо фалакнинг гардиши терс айланиб, туркийлар «ёвга терс қараб» (шоир Шавкат Раҳмон таъбири) яшаган, самовий тулпорлари, жамики зебу зари таланган мусибатли кунларни ҳам бошдан кечирди.
Жаҳонгир адиб Чингиз Айтматов сўнгги интервьюларидан бирида тил, тарих, маданият ва анъаналардаги муштараклик боис туркий халқлар янги дунё, яхлит тамаддун яратиши мумкин экани ҳақида некбин фикрлар билдирган эди. Вақтлар ўтиб, «Aдриатикадан Буюк Хитой деворигача чўзилган турк дунёси» (Туркия президенти Сулаймон Демирел таърифи) яна бир тану бир жон бўлишдек тарихий имкониятни қўл киритди. Бу борада 2009 йил 3 октябрда таъсис этилган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини алоҳида қайд этиш жоиз. Халқаро ташкилот фаолиятида Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон тўлақонли аъзо, Венгрия кузатувчи мақомида иштирок этиб келмоқда. Туркманистон эса саммитларга меҳмон сифатида таклиф этилади.
Туркий кенгашнинг жорий йил 12 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган VIII саммити муҳим ўзгаришлар билан ёдда қолди. Олий машваратда ўндан ортиқ ҳужжат, жумладан, «Туркий дунё нигоҳи – 2040» дастуриламали имзоланди. Шунингдек, Кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) деб ўзгартирилди. Хўш, бу ўзгаришлар нимадан далолат беради? «Туркий дунё нигоҳи – 2040» cтратегик ҳужжати қай даражада аҳамиятли? ТДТ дунё геосиёсатидаги ғирромликларни бартараф этишга қодирми? «Xabar.uz» шу каби саволлар билан ТДТ мамлакатлари – Венгрия, Озарбайжон, Туркия ва Қозоғистон элчиларига юзланди. Эслатиб ўтамиз, дипломатларнинг жавоблари улар мансуб давлат номининг алифбодаги тартиби бўйича жойлаштирилди.
Доктор Дьюла КОВАЧ, Венгриянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Венгрия Туркий давлатлар ташкилотидаги кузатувчилик мақомини қадрлайди. Кўплаб мамлакатлар мазкур мақомни олишга талабгор бўлаётгани унинг алоҳида қадр-қимматидан дарак беради. Биз ТДТга аъзо барча мамлакатлар билан стратегик ҳамкорлик ўрнатдик, бешала давлатда ҳам ўз ваколатхонамизни очдик. Венгрия давлати томонидан молиялаштириб келинаётган «Stipendium Humgaricum» стипендиялари миқдори аъзо мамлакатлар, шу жумладан, Туркманистонга 725 тадан 870 тага оширилди. Венгрия олий таълимига қизиқиш ошиб бораётганидан мамнунмиз. 2021 йилда стипендиялар учун қарийб 5000 номзод ҳужжат топширгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
2019-2021 йилларда ОТД ҳамда Венгрия ўртасидаги савдо айланмаси икки бараварга ортди, жорий йил август ойида бу кўрсаткични 28 фоизга оширишга эришдик. «Eximbank» эса ишбилармонлик йўналишида ҳамкорликни кучайтириш учун 545 миллион евроли кредит линиясини йўлга қўйди.
Турк сармоя жамғармасининг ташкил этилиши ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасида молиявий ҳамкорликни ривожлантиришда ҳал қилувчи ўрин тутади. Венгрия ҳам ушбу жараёнларда кузатувчи сифатида фаол иштирок этиш истагида. Масалан, Венгрия сув манбаларини бошқариш бўйича илғор технологияларга эга. Бинобарин, сув танқислигига қарши курашда илғор технологиялар ва тажриба алмашуви муҳим аҳамият касб этади.
ТДТ хусусида сўз борар экан, VISEGRAD4 – Вишеград гуруҳини (Венгрия, Польша, Чехия ва Словакияни бирлаштирган тузилма – таҳр.) ҳам эслаш ўринлидир. Ўйлайманки, Венгриянинг ушбу гуруҳдаги раислиги ТДТ ва V4 ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш имконини беради. Айни шу мақсадда 2022 йилнинг 1 июлига қадар Будапешт шаҳрида V4–ТДТ мамлакатларининг илк қўшма саммити ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳусайн ҚУЛИЕВ, Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Ўзбекистон ҳақли равишда Марказий Осиёнинг юраги деб аталади. Баракотли бу ўлка тарихий Туроннинг марказида жойлашган. Марказий Осиёдаги муҳим мамлакат саналган Ўзбекистон иштирокисиз бирор бир масалани ҳал этиб бўлмайди. Ўзбекистон Президенти олиб бораётган оқилона сиёсат эса мамлакатда ҳамда бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлиши вақти ҳам (2019 йил) рамзий маъно-мазмун касб этади. Айни ўша йили Туркий кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги Нахичеван битими имзоланганининг 10 йиллик юбилейи нишонланган эди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий кенгаш VII саммитида қатнашиш учун Бокуга ташриф буюргани ҳамда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашгани туркий дунё ҳамкорлиги тарихидаги муҳим ҳодиса бўлди.
Ўзбекистон Туркий кенгашга тўлақонли аъзо бўлиш билан нафақат мавжуд имкониятлардан фойдаланиш бўйича ахлоқий-маънавий ҳуқуққа эга бўлди, айни чоқда, туркий дунё салоҳиятидан ўзбек халқи фаровонлиги йўлида фойдаланиш борасидаги ҳуқуқини юридик жиҳатдан ҳам мустаҳкамлади.
Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) дея қайта номланган Туркий кенгаш доирасидаги келишувларнинг молиявий кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратишни истардим. Озарбайжон иқтисодиёт вазирлиги маълумотига қараганда, ТДТга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси 7 миллиард долларни ташкил этмоқда. Ўзбекистоннинг тузилмага қўшилиши билан бу кўрсаткич 12 миллиард долларга етиши кутилмоқда. ТДТ мамлакатларининг жами ялпи миллий маҳсулоти 1,5 триллион долларни ташкил этади. Бу – жуда улкан салоҳиятдир.
Дунё тан олган мутахассислар ва нуфузли экспертлар фикрича, тарихан Буюк Ипак йўлида жойлашган қардош мамлакатларнинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлиги, юк ташиш кўрсаткичининг оширилиши давлатларимиз иқтисодиёти равнақига улкан ҳисса қўшади. Шу боис ҳам бу биз учун муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Шарқ–Ғарб йўналишини тараққий эттиришга қаратилган битимларни тезкорлик билан ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Туркий кенгаш мамлакатлари темирйўл компаниялари раҳбарларидан иборат Мувофиқлаштирувчи қўмита тузилди. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги раислик қилади. Шу тариқа мамлакатингизда ўзига хос транспорт-логистика маркази ташкил этилади. Бу эса туркий мамлакатлар иқтисодий интеграцияси йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Тошкентда беш мамлакат (Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон) темирйўл идораси раҳбарларининг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Унда юк ҳажмини ошириш, «Кошғар – Ўш (автомобиль транспортини жалб этган ҳолда) – Андижон – Фороб – Туркманбоши порти – Алот порти – Гардабани» ва Грузия портлари (Ахалкалаки) – Карс – Туркия денгиз йўли йўналишида логистика тузилмасини ривожлантиришга келишилди. Иштирокчилар «ОТМ мамлакатлари – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Европа» мультимодал халқаро йўналишини ривожлантиришда ушбу тадбир муҳим аҳамият касб этишини эътиборга олдилар. Юк поездларини тезкор ўтказиш ва тарифлар борасида ягона ёндашувнинг ишлаб чиқилиши нафақат Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ, балки Европа ва Осиё қитъасининг бошқа давлатлари билан ҳам савдо ҳажмини сезиларли оширади.
2017 йил октябрь ойида фойдаланишга топширилган Боку–Тбилиси–Карс темирйўли Шарқ–Ғарб Транскаспий коридорининг таркибий қисми саналади. Бу – тарихий Ипак йўлини тиклашга қўшилган салмоқли ҳиссадир.
Ўйлайманки, мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари дўстона алоқаларнинг янги уфқларини очиб, бошқа ўлкаларга ибрат-намуна вазифасини ўтайди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ТДТ саммитида таъкидлаганидек, бу борада Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон халқаро даражада илгари сураётган таклифлар нафақат миллий, балки умуминсоний манфаатларга ҳам мувофиқ келади, глобал муаммоларни ҳал этиш, минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлашда кучларни бирлаштиришга ундайди. Дарҳақиқат, туркий мамлакатлар фақат самимий ва яқин ҳамкорлик орқалигина хавфсизлик ва иқтисодиёт жабҳасидаги умумий муаммоларни ҳал этишлари мумкин.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг транспорт-логистика тизимига қўшилиш Шарқ–Ғарб ўқи бўйлаб ўтувчи Ипак йўлининг янги коридорларини барпо этишга туртки ва имкон беради. Икки минтақада ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши эса, ўз навбатида, Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлиги, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси (BRI) ва Хитой–Покистон иқтисодий коридори (CPEC) каби тузилмалар бўйича янги режаларни рўёбга чиқаришга кўмак беради.
Хулоса қилиб айтганда, ТДТга аъзо мамлакатларнинг иқтисодиёт ва бошқа жабҳалардаги ҳамкорлиги кенгайиши дунёдаги сиёсий ва иқтисодий ларзаларга жавобан барқарорликни мустаҳкамлаш ва кучайтиришга хизмат қилади.
Олган БЕКАР, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Турк дунёсининг келгуси 20 йиллик истиқболи акс этган «Туркий дунё нигоҳи – 2040» концепцияси ташкилотга аъзо ҳамда кузатувчи мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида зарур чора-тадбирларни ўз ичига олади. Бу жиҳатдан уни йўл харитаси деб аташ мумкин. Ушбу дастуриламал ҳужжатни қабул қилиш ғояси Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев томонидан илгари сурилган эди.
Сиёсат ва хавфсизлик, иқтисодиёт ва секторлараро ҳамкорлик, халқаро ҳамда учинчи томонлар билан алоқалар каби тўрт асосий йўналишга таянган ушбу ҳужжат аъзо давлатларнинг миллий ва жамоавий жабҳада кучли бўлишини таъминловчи стратегик ёндашувларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
«Туркий дунё нигоҳи – 2040» сиёсат жабҳасида муштарак манфаатлар доирасига кирувчи халқаро ва минтақавий масалалар бўйича мунтазам маслаҳатлашувларни йўлга қўйишга хизмат қилади. Иқтисодий соҳада аъзо мамлакатлар ўртасида тижорий муносабатларни кенгайтириш, савдо ҳажмини ошириш, аъзо ўлкаларни Шарқ ва Ғарб – Шимол ва Жануб савдо йўлларини боғловчи кучли иқтисодий гуруҳга айлантириш, шунингдек, рақамли робиталарни жорий этиш каби мақсадлар кўзланган. Маданият жабҳасида эса турк дунёси маданий меросининг яхлит рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни муҳофаза этиш, халқларимизни янада яқинлаштириш учун ҳар йили ҳамкорликда фильм, мусиқа фестиваллари ва тадбирларни ташкил этиш асосий мақсадлар сифатида белгиланган.
ТДТнинг халқаро муносабатларда ишончли иштирокчи сифатидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш ҳам муҳим вазифа саналади. Бу мақсадда учинчи мамлакатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсад қилинган. Стратегик ҳужжатда бу борада БМТ ва унинг тузилмалари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш билан муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Европа иттифоқи, Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Вишеград гуруҳи сингари минтақавий тузилмалари билан робиталарни йўлга қўйиш белгиланган.
Мухтасар айтганда, жаҳон айвонида шиддатли ўзгаришлар рўй бераётган бир паллада беқарор халқаро муҳитда бўй кўрсатаётган муаммоларни ҳал этиш учун стратегик ҳужжат сув билан ҳаводек зарур эди. Халқларимизнинг тил, маданият ва муштарак тарихидан маънавий куч олган ТДТ таъсис этилган илк кезларданоқ аъзолар ўртасида робиталарни босқичма-босқич такомиллаштириш учун мустаҳкам пойдевор қўйилган эди. Собиқ Туркий кенгаш ҳаётга татбиқ этган мақсад-ғоялар эса эндиликда Туркий давлатлар ташкилоти дея янги ном билан аталган тузилма фаолиятида тўлиқ акс этмоқда. «Туркий дунё нигоҳи – 2040» ушбу йўналишларга ҳаётбахш куч бағишловчи дастурдир.
Назаримда, ТДТ мавқе-мақомининг ошиши аъзо мамлакатлар ўрнини мустаҳкамлаб, уларнинг фаровонлигини таъминлабгина қолмай, туркий дунёнинг бошқа минтақалардаги ролини кучайтиришга, айни чоқда, умуминсоний эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилади.
Дархон САТИБАЛДИ, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Туркий тилли давлатлар билан муносабатларни чуқурлаштириш ҳамиша Қозоғистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Бу борада Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг хизмати катта. Негаки, айнан Элбоши Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ҳамда унинг шафелигида фаолият юритувчи Турк маданияти халқаро ташкилоти, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси, Халқаро турк академияси, шунингдек, Оқсоқоллар кенгаши маслаҳат органига асос солиниши ташаббускори саналади.
Бугунги кунда туркий давлатлар ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда. Туркияда 2021 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Туркий кенгаш етакчиларининг VIII саммитида мазкур тузилма номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди. Бу эса жаҳон ҳамжамиятида ҳар бир қарори аъзо мамлакатларга муайян мажбурият юкловчи тўлақонли халқаро ташкилот пайдо бўлганидан далолат беради.
Туркий кенгашнинг жорий йил ноябрь ойида Туркияда ўтказилган VIII саммитида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ҳозирги мураккаб даврда мушкулотларни енгиш, барқарор тараққиёт йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш, янги технологияларни ишлаб чиқариш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим вазифа эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари замонавий муаммоларни ҳал этишда туркий мамлакатлар ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган устувор йўналишларни санаб ўтди.
Биринчидан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш. Бу эса истиқболда углерод бетарафлигига йўл очади.
Иккинчидан, водород энергетикасини ривожлантириш. Бу борада ТДТ мамлакатларининг етакчи илмий муассасалари саъй-ҳаракатларини уйғунлаштирувчи халқаро консорциум тузиш таклифи илгари сурилди.
Учинчидан, глобал исиш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, трансчегаравий сув манбаларидан самарали ва одилона фойдаланиш бўйича биргаликда қарорлар ишлаб чиқиш. Қозоғистон томони ҳамкорликда гидроиншоотлар қуришга тайёрлигини билдирди.
Тўртинчидан, «яшил» технологиялар ва лойиҳаларни амалга татбиқ этиш учун «яшил» капитал бозорини ривожлантириш. Давлатимиз раҳбари «Остона» халқаро молия маркази ҳамда Қозоғистон фонд биржасининг бой тажрибаси ва кенг имкониятларини ҳисобга олиб, туркий мамлакатларнинг «яшил» облигацияларини мазкур тузилмалар платформаларига жойлаштиришни таклиф қилди.
Бешинчидан, шаҳар аҳолиси сони ошиб бораётганини инобатга олган ҳолда хизмат сифатини ошириш. Бу борада туркий мамлакатларнинг IT компаниялари ўртасида «ақлли шаҳар» лойиҳалари доирасида ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Таъкидлаш жоизки, коронавирус пандемияси туркий давлатлар ҳамкорлиги кун тартибига ҳам маълум таҳрирлар киритди. Ҳозирги босқичда туркий давлатлар барча асосий йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани кузатилмоқда. Асосий эътибор эса савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларга қаратилмоқда. Айни чоқда, транспорт-транзит алоқаларини кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик, туризм жабҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни истиқболли йўналишлар деб биламиз.
VIII саммитда аъзо мамлакатлар томонидан Қозоғистоннинг ташаббуси қўллаб-қувватланиб, «Туркий дунё нигоҳи – 2040» қабул қилинди. Бу ҳужжат туркий дунё ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Айни чоқда, ТДТ билан Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европа иттифоқи ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш долзарб вазифалар сирасига киради. Бу борада Биринчи Президентимиз – Элбоши Н.Назарбоев «Катта Евроосиё» форматида тўрт томонлама иқтисодий форум уюштиришни таклиф этди. Ушбу мулоқот тизимининг йўлга қўйилиши мамлакатларимизга коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган янги инқирозни бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўриш имконини беради.
Қардош Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо бўлиши тузилманинг нуфузини оширганини мамнуният ила қайд этишни истардим. Бу эса туркий тамаддун ҳамда савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантиришда янги истиқбол эшикларини очади, божхона ва транзит жараёнлари, шунингдек, банк-молия операцияларини соддалаштиришга хизмат қилади.
Биз Ўзбекистоннинг узоқ давом этаётган пандемия туфайли юзага келган муаммоларни ҳал этиш, иқтисодиётни қайта тиклаш ва маданий-гуманитар алоқаларни жонлантириш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Таъкидлаш жоизки, 2022 йилда ТДТнинг илк саммитига айнан Ўзбекистон мезбонлик қилади. Ушбу анжуман туркий дунё ўлкалари робиталарини янада мустаҳкамлашига ишончим комил.
С.Салим тайёрлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter