Шавкат Мирзиёев: «Халқ билан армия бир бўлиши керак»
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Когон туманидаги ҳарбий қисмни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг янги Мудофаа доктринасига мувофиқ, тизимдаги бирлашма ва тузилмаларнинг вазифалари такомиллаштирилди. Қўшинларнинг қурол-аслаҳа ва алоқа воситалари таъминланиши янги босқичга кўтарилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигига талаблар оширилди.
Ҳарбий қисмда мудофаа тизимидаги ислоҳотларнинг бориши, Бухоро ҳарбий маъмурий сектори фаолияти ҳақида ахборот берилди.
— Халқ билан армия, мудофаа бошқармалари билан ҳокимлик бир бўлиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ҳарбийлар ёшлар билан тез-тез учрашиб туриши, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиши зарур.
Президент ҳарбийларнинг хизмат ва яшаш шароитлари билан танишди. Аскар ва офицерлар билан суҳбатлашди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 28-29 январь кунлари Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромига ҳам ташриф буюриб, учувчилар билан мулоқот қилган эди. Давлат раҳбари ҳарбийлар билан учрашувда 1994 йилда асос солинган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Қашқадарёга кўчирилиши ҳақида маълум қилганди.
Шунингдек, Президент Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида бундан буён ҳудудларда бўладиган хизмат сафарларининг иккинчи кунида шу ҳудуддаги ҳарбий-маъмурий секторлардаги аҳволни ҳар томонлама ўрганиб чиқишини таъкидлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter