Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президентини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Туркия вице-президентини қабул қилди

28 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Октайни қабул қилди.

Икки мамлакат амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш ҳамда етакчи корхона ва компанияларнинг янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Туркия дўстлик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатларида олий даражадаги мунтазам ва сермаҳсул мулоқот туфайли эришилган бугунги даражани юксак баҳолади.

Ўз навбатида, вице-президент Фуат Октай илиқ қабул учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдирди ҳамда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Туркия компания ва инвесторларининг мамлакатимиздаги фаолиятига кўрсатилаётган катта кўмак учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиш суръати ва пандемия оқибатларини енгиб ўтиш борасида кўрилаётган чоралар алоҳида таъкидланди.

Хусусан, йил бошидан турли даражалардаги алмашинув ва мулоқотлар фаоллашди, ўзаро савдо ҳажми ва қўшма инвестиция лойиҳалари сони муттасил ортиб бормоқда. Бугун бўлиб ўтган қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг тадбирлари ва бизнес вакиллари иштирокидаги ишбилармонлик дастури якунлари мамнуният билан қайд этилди.

Тошкент шаҳрида ўтадиган Стратегик ҳамкорлик кенгаши иккинчи йиғилишининг кун тартибини ҳар томонлама тайёрлаш муҳим экани таъкидланди. Булар, энг аввало, товар айирбошлаш ҳажми ва кооперация кўламини ошириш, Преференциал савдо тўғрисидаги битимни қабул қилиш, қўшма саноат зонасини ташкил этиш, Туркиянинг илғор тажрибаси, билим ва технологияларини фаол жалб қилган ҳолда рақамлаштириш, таълим ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги дастурларни илгари суриш масалаларидир.

Минтақавий шериклик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг