Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Туркия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирларини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Туркия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирларини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлини қабул қилди.

Ўзбекистон-Туркия кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида ташқи ишлар вазири Чавушўғли Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Давлатимиз раҳбари олий даражадаги мунтазам ва сермаҳсул мулоқотлар кўп қиррали ҳамкорликнинг жадал ривожланишига хизмат қилаётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошмоқда, ўтган йилда 370 та янги қўшма корхона ташкил этилди. Икки мамлакат ўртасидаги авиаташувлар сони кўпаймоқда.

Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида, шу жумладан саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида янги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 24 январь куни ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Вазир Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Халқ Маслаҳати Раиси, Миллат Етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда 2022 йилнинг 14-15 июль кунларидаги Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ва 21-22 октябрь кунларидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркманистонга расмий ташрифи давомида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш жиҳатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш, иқтисодиёт, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида қатор қўшма тадбирлар – Ҳукуматлараро комиссия, Сув хўжалиги масалалари бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишлари, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, маданий ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши келишилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг