Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев «Росатом» бош директорини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев «Росатом» бош директорини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Россиянинг «Росатом» атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Олий даражада эришилган келишувларни рўёбга чиқариш доирасида илғор технология ва билимларни жалб этган ҳолда мамлакатимизда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.

Бўлажак АЭС учун майдон танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи якунланди, халқаро талабларга мувофиқ лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири баҳоланмоқда ва техник ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Аҳолини атом энергетикаси ва ядровий технологияларнинг ривожи тўғрисида кенг хабардор қилиш мақсадида бугун «Ўзатом» агентлиги биносида Атом технологиялари ахборот маркази очилди.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан Тошкентда «ММФИ» миллий тадқиқот ядровий университет филиали ўз ишини бошлайди.

Учрашувда мамлакатимизда қабул қилинган «йўл харитаси» асосида АЭС қурилиши лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва амалга оширишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатимизда янги тармоқни ривожлантириш учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

«Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди. Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида эришилган келишувларни ўз вақтида ва кенг кўламда амалга ошириш борасидаги интилиш қатъий экани таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг