Сардор Умурзоқов Кобулда «Толибон» раҳбарияти билан учрашди
Кобул шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон томонига бош вазирнинг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Афғонистон томонига эса муваққат ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Абдулғани Бародар бошчилик қилган.
Қайд этилишича, учрашув чоғида томонлар инвестициялар, савдо, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўзбек-афғон ҳамкорлигининг кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашган.
Афғон томони мамлакатда хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани тиклаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берган.
Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешавор транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Томонлар лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиб, мавжуд барча масалаларни биргаликда ҳал қилишга тайёр эканликларини билдирган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон компанияларини инфратузилмани қуриш ва тиклаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва табиий ресурсларни қазиб олиш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этишга жалб қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилган. Яқин келажакда ўзбек—афғон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уни амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишилган.
Шунингдек, томонлар яқин орада ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва икки давлат ҳудудлари орқали транзитни кўпайтириш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олган.
«Учрашув чоғида икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари алоҳида йўналишлар кесимида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифларни илгари сурдилар ва юзага келаётган масалаларни ҳал қилишни тезлаштириш мақсадида икки томонлама алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар», — дейилади хабарда.
Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишлари доирасида икки томонлама муносабатларни кенгайтириш устуворлигини таъкидлаган ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича кейинги тадбирларни белгилаб олган.
Кобул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Мулла Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд билан Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter