Саакашвилига 3 йилгача Украинага кириш тақиқлаб қўйилди
Украина давлат чегара хизмати Одессанинг собиқ губернатори ва Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвилининг 2021 йил февралигача Украинага киришини тақиқлади. Бу ҳақда чоршанба куни Давлат чегара хизмати матбуот котиби Олег Слободян маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.
«Мен ўтган йилнинг сентябрь ойида Саакашвили ноқонуний равишда кесиб ўтган Мостинский чегара участкаси командирининг ушбу қарорини тасдиқлайман. Аслида бу унинг ваколатига киради ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган бошқа шахсларга нисбатан ҳам шундай қарор қабул қилиниши мумкин. Ҳақиқатан ҳам Саакашвилининг 3 йилгача Украинага кириши тақиқланган», — дейди Олег Слободян УНН агентлигига.
2015 йил май ойида Саакашвили Украина фуқаролигини олган ва Одесса вилояти губернатори лавозимини эгаллаган, ўша йилнинг декабрида Гуржистон унинг фуқаролигини бекор қилган. 2017 йил 26 июлда, сиёсатчи АҚШда бўлган пайтида, Порошенко уни Украина фуқаролигидан маҳрум қилган. Ушбу воқеадан бир неча кун олдин Саакашвили губернатор вазифасини бажаришдан бош тортган эди.
2017 йилнинг сентябрь ойи бошида Одессанинг собиқ губернатори ўз сафдошларининг ёрдами билан Украинага ноқонуний равишда кириб олган ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланган эди. Шундан кейин у фуқаро мақомини олиш учун миграция хизматига мурожаат қилди. Бироқ миграция хизмати унга рад жавобини берди.
12 февраль куни Саакашвили Киевда қўлга олиниб, Полшага депортация қилинди. Айни пайтда у Ҳолландияда вақтинча яшаш учун рухсат олган ва ўша ерда истиқомат қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter