Ўзбекистоннинг стратегик йўналишларидан бири очиқланди
«Ўзбекистон Республикасида илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» тасдиқланади. Президентнинг бу борадаги тегишли фармони лойиҳаси муҳокамага жойлаштирилди.
Концепцияга кўра, илм-фан тараққиётини таъминлаш давлат ва хусусий секторнинг асосий вазифаларидан бири ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига кириши бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.
Хусусан, илм-фан соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар босқичма-босқич 2022 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг 0,8 фоизи ва 2030 йил 2 фоизи миқдоригача ошириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, илмий экспертизада «манфаатлар тўқнашуви» омилларини чеклаш мақсадида, ваколатли давлат органи қошида мустақил «Илмий лойиҳалар экспертизаси маркази» фаолияти йўлга қўйилади.
Шунингдек, илмий, инновацион фаолиятни бошқариш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун Инновация ва тадбиркорлик халқаро университети очилиши мумкин.
Фармон лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 22 майига қадар давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter