Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият ҳисобдорлиги кучайтирилади
Ўзбекистонда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда маҳаллий давлат ҳокимиятини ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳани ишга тушириш маросимида Ўзбекистон адлия вазирлиги ва USAID ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
АҚШ элчихонаси хабарига кўра, меморандум икки томон ўртасидаги ҳамкорлик асосларини белгилаб бериши баробарида, асосий эътиборни самарали маҳаллий бошқарувни таъминлаш учун ҳуқуқий-меъёрий муҳитни такомиллаштириш, қарорлар қабул қилишда фуқаролар иштирокини рағбатлантириш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари салоҳиятини кучайтиришга қаратади.
«Chemonics International» томонидан амалга ошириладиган лойиҳа маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва ҳисобдорлигини кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
«Маҳаллий ҳамжамиятларга бошқарувда фаол иштирок этиш имкониятини бериш янада масъулиятли ва ҳисобдор ҳокимиятни барпо этиш учун муҳим аҳамиятга эга. Ушбу лойиҳа фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бор инсонлар ва бошқа ҳимояга муҳтож аҳолининг муаммоларини маҳаллий даражада тинглаш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва қаноатлантиришга қаратилган», – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Дэвид Ҳоффман.
Қайд этилишича, янги лойиҳа турли манфаатдор томонлар, жумладан, фуқаролар, тадбиркорлар, аҳолининг алоҳида гуруҳлари, фаоллар, оммавий ахборот воситалари ва бошқа давлат бошқаруви органларининг эҳтиёжларини аниқлайди ва уларни ҳал қилишда ёрдамлашади. Ушбу инклюзив ёндашув орқали маҳаллий бошқарувдаги ислоҳотларни жамиятнинг ўзига хос эҳтиёжлари ва реал воқеликка мослаштириш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқлигини таъминлашга ҳамда натижаларнинг келгусида ҳукумат томонидан амалга оширилишига ҳам эътибор қаратилади.
Аввал хабар берганимиздек, USAID администратори Саманта Пауэр жорий йил октябрь ойида юртимизга ташрифи давомида АҚШ Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун 14,2 миллион доллар маблағ ажратишини маълум қилган эди. Ушбу маблағ силга, эпидемия ва пандемия таҳдидларига қарши кураш, бизнес ва хусусий секторни мустаҳкамлаш, янада масъулиятли ва самарали маҳаллий бошқарув каби йўналишларда сарфланиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter