Жазоир элчиси етти йил давом этган тақдируламал урушни ёдга олди
Мустамлакачилар ҳар қанча шафқатсиз бўлмасин, ҳурриятсевар халқни барибир енга олмайди. Бу ҳақда Жазоир Халқ Демократик Республикасининг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бумедиен Геннад 25 ноябрь куни Тошкентда ташкил этилган анжуманда гапирди.
Жазоир миллий байрами – Инқилоб бошланган сананинг 68 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов қатнашди.
«1954 йилнинг 1 ноябри замонавий Жазоир тарихида муҳим даврни бошлаб берди. Негаки, ушбу сана мустамлакачиликнинг шафқатсиз қиёфаси ва ёввойи амалиётларига дуч келган Жазоир халқининг хулқ-атворини буткул ўзгартирди. Кўплаб фронтларда 7 йилдан зиёд давом этган беаёв курашлардан кейин тақдируламал ҳодиса рўй берди: Жазоир озод бўлди ва миллий суверенитетини қайта тиклашга муваффақ бўлди», – дейди элчи Бумедиен Геннад.
Қайд этилишича, шундан кейин мустақил мамлакатнинг ҳуррият руҳи билан суғорилган сиёсати ишлаб чиқилди. Унинг замирида мамлакат ички ишларига хорижий давлатларнинг аралашувига асло йўл қўймаслик, айни чоқда, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойиллари, бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсади ётади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1830 йили Жазоирга француз мустамлакачилари бостириб кирган. 1920-30 йилларда мамлакатда миллий озодлик ҳаракати кучайган. 1945 йилда рўй берган дастлабки қўзғолон бостирилган. 1954 йил 1 ноябрда эса миллий озодлик фронти ташкил этилган. Шу тариқа миллий озодлик йўлида қарийб 8 йилга чўзилган кураш бошланган. 1962 йил 5 июлда Жазоир мустақилликка эришган.
Дипломатга кўра, ўтган йиллар давомида Жазоир жаҳонда инсон тараққиёти мезонлари бўйича муносиб ўринга кўтарилди. Масалан, республикада ўртача умр кўриш кўрсаткичи 1960-йилларда 47 ёшни ташкил этган бўлса, ҳозирда 76 ёшга чиқди. Мамлакат 2005 йилда ташқи қарзлардан халос бўлди.
Жазоир сиёсий янгиланиш, иқтисодий ривожланиш ва ташқи сиёсатни жонлантириш чораларини кўрмоқда.
Элчининг таъкидлашича, Абдулмажид Теббун раҳбарлигидаги Жазоир Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларни хайрихоҳлик билан кузатмоқда.
Дипломат ислом тамаддуни вориси саналган икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш йўлида бор куч-ғайратини ишга солишга ваъда берди.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 24 ноябрь куни Жазоирнинг янги элчиси Бумедиен Геннад бир неча ҳамкасби сафида президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширди. Ушбу учрашувда давлатимиз раҳбари Жазоир билан муштарак қадриятлар ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларга тизимли тус бериш вақти етганини таъкидлади. Айниқса, нефть-газ, тоғ-кон, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва сайёҳлик соҳалари шерикликнинг истиқболли йўналишлари экани қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter