Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳуррият олинур, берилмас». АҚШ давлат котиби жадид маърифатпарварларига ҳамоҳанг фикр билдирди

«Ҳуррият олинур, берилмас». АҚШ давлат котиби жадид маърифатпарварларига ҳамоҳанг фикр билдирди

Давлат котиби Майк Помпео.

Фото:«Reuters»

Дунё афкор оммаси ҳуррият йўлидаги курашда бир дақиқа ҳам ҳушёрликни бой бермаслиги лозим. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Берлин девори қулаганининг 30 йиллиги муносабати билан Германияда ўтган машваратда сўзлади. 

Давлат котибига кўра, гарчи мутараққий дунё бундан 30 йил муқаддам эркинлик борасида зафар кучган бўлса-да, хотиржамликка ўрин йўқ. Негаки, дунёда яна мустабидлик ҳаракати авж олаётир. У эркка ташна халқларни яна зулм ва зулмат даврига қайтариш пайида.

«Мустабидлик – биздан икки одим нарида. У тобора кучга тўлмоқда. Очиғини айтганда, унинг илдизини буткул қирқа олмадик... Озодлигимиз ва келажагимизни кўз қорачиғидек асрамоқ эса барчамизнинг бурч-вазифамиздир», – деди М.Помпео.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин мағлуб Германия иккига бўлиб ташлангани маълум. Ғарб мамлакатлари қанотидаги ГФР эркинлик, демократия ғоялари асосида нашъу намо топди. СССР қаламравидаги ГДРда эса тоталитар тузум шаклланди. ГДРда ҳукм сурган ўша машъум даврни ёдга олган юқори мартабали дипломат давлатнинг тамали ҳуррият экани, ўз фуқаролар эркига дахл этган бошқарув узоқ яшамаслигини таъкидлади.

«Биз ич-ичимиздан ўз фуқароларидан қўрқадиган тузум узоқ яшамаслигини билар эдик. Мен бугун ҳам бунга сидқидилдан ишонаман... Ўйлайманки, бу мустабидлик тартиботи абадий деб ҳисоблайдиганлар учун чинакам сабоқдир», – деди сиёсатчи.

Дарҳақиқат, XX аср сўнггида дунё харитасида кескин ўзгаришлар рўй берди. Бутун сайёрамиз бўйлаб озодлик ҳаракатининг янги тўлқини мавж урди. Аммо дунё бўйлаб ҳали ҳам тўлиқ эркинликка эриша олмаган давлатлар талайгина.

«Биз (Берлин девори қулагач) етти иқлимда эркин жамиятлар ривож топади, деб ўйлаган эдик. Айрим ҳудудларда ана шундай бўлди ҳам... Афсуски, биз адашган эканмиз», – дея таассуф билдирди М.Помпео.

Вашингтон расмийси эркинликка таҳдидлар хусусида сўзлар экан, Россиянинг қўшни юртлар, Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасидаги сиёсатини танқид қилди. Бу ҳол Шарқий Германияда истифода этилган зулм усулларини ёдга солишини таъкидлади.  

Туркистондаги жадидчилик ҳаракати пешволаридан бири Мунавварқори (1878-1931) бундан бир аср муқаддам «Ҳуррият олинур, берилмас» деган эди. АҚШ Давлат котиби ҳам улуғ маърифатпарвар фикрига ҳамоҳанг равишда эркинлик шунчаки қўшқўллаб тутқазилмаслиги, унга эришиш ва уни сақлаб қолиш учун жидду жаҳд қилиш кераклигига урғу берди.  Бу борада илғор фикрли инсоният бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғи лозимлигини уқтирди.

1989 йил 9 ноябрь куни истибдод истеҳкоми – Берлин девори қулагач, нафақат Германияда, балки бутун дунёда эркинлик ва озодлик учун кураш кучайди. Ушбу тарихий ҳодиса занжирининг бир учи Ўзбекистонга ҳам уланади. Зеро, машъум деворнинг йиқитилиши собиқ Иттифоқ ҳудудидаги истиқлол курашчиларига ҳам илҳом, куч ва далда берди. «Совуқ уруш» даври мероси бўлмиш машъум деворнинг қулаши СССРнинг парчаланишини янада тезлаштирди.  

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг