Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳайдар Алиев Ўзбекистон раҳбариятини провокациядан огоҳлантирган эди» – эксперт

«Ҳайдар Алиев Ўзбекистон раҳбариятини провокациядан огоҳлантирган эди» – эксперт

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошликни мустаҳкамлашда атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг хизмати катта. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги тизимида узоқ йиллар масъул вазифаларда фаолият юритган дипломат, сиёсий шарҳловчи Аброр Ғуломовнинг Озарбайжон матбуотида чоп этилган мақоласида сўз боради.

«Ҳайдар Алиев тарихга XX асрнинг атоқли сиёсатчиси ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжон давлатининг асосчиси ва меъмори сифатида кирган. Унинг кўп қиррали фаолияти Озарбайжоннинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга, шунингдек, халқларимиз ўртасидаги робиталарни кенгайтиришга хизмат қилган», – деб ёзади А.Ғуломов. 

Қайд этилишича, ўзбек халқининг улуғ дўсти бўлган сиёсатчи совет давридаёқ қардошлик алоқаларини мустаҳкамлаш чораларини кўрган. Хусусан, Ҳайдар Алиев ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ўртасидаги дўстона муносабат туфайли кўп асрлик тарихга эга қардошлик янги босқичга кўтарилган.

«Ўзбекистон тарихидаги фожиали кунларда, «пахта иши» деб номланган уйдирма ўйлаб топилган паллада ҳам Ҳайдар Алиев республикамиздаги ҳодисаларга холис нигоҳ билан қараган ва ўзбек халқининг дўсти бўлиб қолган. Ўша кезлар Москвада юқори лавозимда ишлаган Ҳ.Алиев Шароф Рашидовни Ўзбекистон ва унинг халқига қарши ҳозирланаётган провокация ва қатағонлардан қўрқмай огоҳлантирган», – деб ёзади муаллиф.

Ўзбекистон Республикаси билан дипломатик алоқа ўрнатиш ташаббускори бўлган сиёсий етакчи мустақилликдан кейинги йилларда ҳам икки халқ қардошлигини янада мустаҳкамлаш йўлида жонбозлик кўрсатган, юртимизга бир неча бор ташриф буюрган.  

Эслатиб ўтамиз, бу йил Озарбайжонда умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев (1923–2003) таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. Мустақил Озарбайжон давлатчилиги қурилиши, замонавий сиёсий тартибот шаклланиши ва мамлакатнинг иқтисодий тараққиёт йўли унинг номи билан боғлиқ.

Ҳ.Алиев совет тузуми даврида узоқ йиллар юқори раҳбар лавозимларда ишлаган, жумладан, Озарбайжонни идора этган. 1993–2003 йилларда эса мустақил Озарбайжон президенти сифатида фаолият юритган.

Унинг хотираси юртимизда ҳам эъзозлаб келинмоқда. Тошкентда Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси номидаги кўча, унга бағишланган хиёбон ва ёдгорлик очилган.

Аввал хабар берганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев жорий йил август ойида Бокуга ташрифи давомида Фахр хиёбонига ташриф буюриб, Ҳ.Алиев хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Биринчи президент Ислом Каримов ҳам ўз даврида озарбайжонлик ҳамкасбининг етакчилик қобилиятига юқори баҳо берган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг