Европа Россияга қарши: 100 дан ортиқ россиялик дипломат уйига қайтади
Буюк Британиянинг Солсбери шаҳрида ГРУнинг собиқ полковниги Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлиянинг заҳарланиши туфайли Буюк Британиядан россиялик дипломатлар чиқариб юборилиши ҳақида аввал хабар берган эдик.
Унинг ортидан Европа иттифоқида фаолият юритаётган ўттиздан ортиқ россиялик дипломат иттифоқ ҳудудидан чиқариб юборилади. Бу ҳақда «Еuronews» хабар бермоқда. Ташқи ишлар вазирликларининг баёнотида келтирилишича, гап разведка билан шуғулланишда гумонланаётган шахслар ҳақида кетмоқда.
Иттифоқ кенгаши раҳбари Доналд Туск иттифоқдаги 14 та давлат аллақачон бу ишни бошлаганини ва уларга бошқа давлатлар ҳам қўшилаётганини эълон қилди. Россиялик дипломатларни ўз ҳудудидан чиқариб юборишни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган иттифоқ давлатлари Германия, Франция, Полша, Чехия ва Нидерландия бўлди. Украина 13 нафар рус дипломатини персона нон грата деб топди. Ўз навбатида АҚШ 60 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишини маълум қилган. Ушбу рўйхатга, шунингдек Канада, Албания ва Испания ҳам қўшилган.
Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлия шу йилнинг 4 март куни Британиянинг Солсбери шаҳрида заҳарланган эди. Британиялик экспертлар уларнинг Россияда ишлаб чиқарилган «Новичок» газидан заҳарланганини эътироф этмоқдалар. Британия ҳукумати бу ишда Москвани айбламоқда. Буюк Британиядан 23 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилган.
Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазирлиги бундай айбловларнинг асоссиз эканини иддао қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter