Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё эътиборидаги ташаббуслар

Дунё эътиборидаги ташаббуслар

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатлар, очиқлик ва янгиланишлар ташқи сиёсатда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Зеро, ўтган даврда Ўзбекистон ташқи сиёсати батамон янги характерга ва янги мазмунга эга бўлди.

Буни ўтган икки ҳафтада бўлиб ўтган халқаро сиёсий тадбирлар руҳида ҳам сезиш мумкин. Президентимизнинг Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари йиғилиши, БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессияси, Марказий Осиё ва АҚШ етакчиларининг “C5+1” форматдаги саммитидаги иштироки, нуфузли халқаро молиявий ва бошқа тизимлар раҳбарлари билан учрашувлари дунё ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда ва кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Марказий Осиёда янги сиёсий муҳит яратилди

Ўзбекистон дунёдаги барча, аввало, ён-атрофимиздаги мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик, ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, уларни умумий фаровонлик йўлида бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Зеро, “Ён қўшни – жон қўшни”, “Қўшнинг тинч – сен тинч” мақоллари бежиз айтилмаган.

Марказий Осиё ҳатто қадимги даврларда ҳам Осиёнинг юраги сифатида алоҳида эътиборга молик ҳудуд бўлган. Денгиз йўллари очилгунга қадар минтақамиз орқали Буюк ипак йўли ва бошқа халқаро коммуникациялар ўтган.

Лекин шундай даврлар бўлдики, қон-қардош, қуда-анда қўшни халқлар ҳатто тўю маъракада ҳам бир-бириникига бора олмай қолди. Бу муаммолардан халқ зада бўлди, кўнгли оғриди, норозилик кайфияти кучайди.

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ, биринчи навбатда, ушбу масалага жиддий эътибор қаратди. Қўшнилар билан алоқаларни тубдан яхшилашга киришди. Марказий Осиё муаммоларини ҳал этишни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши, деб эълон қилди.

Шу тариқа юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Қўшни давлатлар билан илиқ муносабатлар ўрнатилиб, оғриқли масалаларни яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, манфаатларни ҳисобга олиш ва оқилона муроса асосида ҳал этиш учун зарур келишувларга эришилди. Пировардида дунёда янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш мақсадлари кучайди.

Ўзбекистоннинг дунёга очилиши минтақа ташқи сиёсатидаги векторларга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Ҳозир Марказий Осиёда кечаётган жараёнлар унинг бир минтақа сифатида бирикиш томон силжиётганини, глобал сиёсат ва иқтисодиётда якдилликка интилаётганига далолатдир.

Сўнгги йилларда минтақа мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти 40 фоиз кўпайди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилиб, товар айланмаси 2,5 баробардан зиёд ошди. Ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб 6 карра, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими эса 45 фоиз ўсди.

Ўзбекистон етакчиси ташаббуси билан ўтказиб келинаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари эса бугун минтақада хавфсизлик, барқарорни таъминлаш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўтган йиллар давомида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртта маслаҳат учрашуви – 2018 йилда Қозоғистон пойтахтида, 2019 йилда Тошкентда, 2021 йилда Туркманистоннинг “Аваза” сайёҳлик ҳудудида ва 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида муваффақиятли ўтказилди. Натижалар кўрсатиб турибдики, ушбу ташаббус амалда тўла ўзини оқламоқда.

Бу йил Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган бешинчи маслаҳат учрашуви бутунлай янгича руҳда ўтгани билан катта аҳамиятга эгадир. Зеро, унда Президентимиз илгари сурган аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шерикликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кучайтириш йўлидаги интилишларни яққол намоён этди.

Мазкур учрашув Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга кучли туртки беришига шубҳа йўқ. Зеро, у минтақавий ҳамкорлик учун қулай муҳитни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

Учрашув доирасида Марказий Осиё давлатлари ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари тўғрисидаги битим имзоланиши янги Ўзбекистон учун ёшлар масаласи энг устувор вазифалардан бўлиб келаётгани ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолишидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этиш таклифи ҳам минтақа ёшларининг фаровон ва осойишта ҳаётини таъминлашга хизмат қилиши аниқ.

Ўзбекистон — АҚШ муносабатларининг янги саҳифаси

АҚШ иқтисодий жиҳатдан жаҳондаги етакчи давлат. Дунё ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисми айнан шу давлат ҳиссасига тўғри келади. Аҳолиси даромадлари юқорилиги бўйича ҳам ушбу давлат етакчилар қаторида туради.

2016 йилдан буён икки томонлама муносабатларда фаоллашув кузатилди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бунда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида 2002 йилда имзоланган стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация ҳал қилувчи роль ўйнади.

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири савдо-иқтисодий шерикликдир. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни доимий равишда кенгайтиришга интилиб, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Маданий-гуманитар соҳаларда ҳам алоқалар кенгайиб боряпти.

Ўзбекистоннинг АҚШ билан кўп ва икки томонлама мулоқотга содиқлиги катта эътиборга молик. “C5+1” форматининг тарихий ривожланиш йўналиши ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда АҚШга ташрифи чоғида қўйилган мустаҳкам пойдевор мамлакатимизнинг стратегик қарашларидан ҳамда ўзаро ҳамкорликка содиқлигидан далолат беради.

Шу йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида бўлиб ўтган учрашув икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаб бериш баробарида Ўзбекистон — АҚШ шериклиги ривожига кучли туртки бўлди.

Икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган музокаралар чоғида инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик соҳаларида ҳамда фаровонликни таъминлашнинг бошқа йўналишларида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

АҚШ Президенти мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳамда янги Ўзбекистонда муқаррар тус солган ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат юритаётганини англатади.

Ўзбекистон раҳбари ҳар бир хорижий сафари давомида ишбилармон доиралар, йирик бизнес вакиллари билан учрашиши анъанага айланган. Ташриф доирасида дунёнинг йирик халқаро компаниялари билан учрашувлар, жумладан, ишбилармонлик тадбирлари давомида “Air Products” компанияси бошқаруви раиси, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми билан мулоқот компаниянинг Ўзбекистон учун қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган янги инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилгани билан самарали бўлди. Бу АҚШнинг етакчи компанияси билан стратегик шерикликни янада кенгайтириш, кўзда тутилган лойиҳаларни ҳаётга самарали татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Сирасини айтганда, Президентимизнинг АҚШга сафари жуда самарали якунланди. Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг тинчликпарвар, очиқ, прогрессив ташқи сиёсатда содиқ эканини, жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини яна бир бор намойиш этди.

Аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларидан халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли суверен вакили сифатида БМТга аъзо бўлди. Мамлакатимиз ушбу нуфузли халқаро ташкилот ва унинг ихтисослашган муассасалари билан турли соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

2016 йилдан бошлаб БМТ билан муносабатларимизда янги тенденциялар кўзга ташланди. Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари БМТ раҳбарияти ва Ташкилотга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Расмий Тошкент томонидан илгари сурилган ташаббуслар ташкилотнинг умумбашарий мақсадларига, жумладан, сайёрамизда тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади. Шу билан бирга, давлатимиз БМТ устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади. Бугун мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилган, қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлари ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишламоқда. Жамиятда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат қарор топмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини ташкил этди, Парламент омбудсмани, Болалар омбудсмани, Бизнес омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ушбу тизимга киради.

БМТнинг фуқаролиги йўқ шахслар сонини қисқартириш борасидаги чақириқларига мувофиқ, 2020 йилда “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан олқишланди. Унинг 2020 йил 24 февраль куни илгари сурган “Юксак интилиш: инсон ҳуқуқлари учун ҳаракатга чақириқ” ташаббуси Ўзбекистоннинг айни соҳалардаги ислоҳотлари билан ҳамоҳанг. Зеро, инсон ҳуқуқларини таъминламасдан туриб, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар тараққиёти йўлидаги муаммоларини ечиш қийин.

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқи ва унда илгари сурилган аниқ ташаббуслар, шубҳасиз, мамлакатимиз билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.

Пухта ўйланган, узоқ истиқболга йўналтирилган, ижобий юксалишга қаратилган ушбу нутқни нафақат етакчи сиёсатчилар, балки халқаро эксперт ва кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда. Чунки давлатимиз раҳбари башарият фаровонлиги ва тараққиёти йўлидаги тўсиқлар ечимини таклиф этиш билан бирга, сўнгги етти йилда янги Ўзбекистонда амалга оширилган изчил ислоҳотларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратди.

Кўтарилаётган муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган амалий таклифларни таҳлилий ўрганиб чиқсак, сессиядан сессиягача бўлган даврда билдирилган ташаббуслар Ўзбекистон томонидан ўз вақтида бажариб келинаётгани, давлат ўз зиммасига олаётган халқаро келишувларга жиддий ёндашиб, ижросида фаоллик кўрсатаётганига гувоҳ бўламиз.

Инсон қадри ва манфаати ҳамма нарсадан устун

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадириятдир. У эртага ёки узоқ келажакда эмас, балки бугун орзу-истакларимга етай, яхши шароитда фарзандларимиз бағрида тинч-тотув, бахтли ҳаёт кечирай, оиламга, маҳалла-кўйга, қишлоғимга, юртимга фойдам тегса, дейди.

Лекин бир неча йиллар олдин Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати халқаро ҳамжамият ва ташкилотлар томонидан танқид қилинар, бу эса нафақат юртимиз нуфузига, балки иқтисодий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатарди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, қонун устуворлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Инсонга бўлган муносабат ҳам, эътибор ҳам бутунлай ўзгарди. Унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамма нарсадан устун қўйилди.

Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизими жорий этилгани бугун ўз натижасини бераётганини ҳаммамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Демократик ислоҳотлар натижасида одамлар ҳаётдан рози бўлиб чинакамига қадр топа бошлади, кўп йиллик мақсадларига эришди. Узоқ йиллар давомида аҳолини ўйлантириб келаётган масалалар қисқа фурсатда ҳал этила бошланди. Мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.

Илгари юртимизда миллионлаб инсонлар, шу жумладан, ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар ҳам йилнинг тўртдан бир қисмини пахта даласида ўтказар эди. Ҳосилни йиғиб олиш учун каттаю кичик, кексаю ёш далага сафарбар қилинарди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкот эълон қилиниб, мамлакат йиллар давомида “қора рўйхат”ларда бўлиб келди.

Бугун буларнинг барчаси ўтмишга айланган. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди. Буни бутун дунё олқишлади. Янги Конституциямизда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилгани ушбу сиёсий қарор абадий эканини кўрсатади.

Бу орқали аҳолининг кайфияти, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгарди, мамлакатдаги ислоҳотларга ишонди, ҳар бир фуқаро давлатимиз ҳимоясида эканини билди. Буларнинг ҳаммаси ушбу масаласига жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3,5 баробар ошгани миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатимизни яна бир бор тасдиқлади. Келгуси етти йилга мўлжалланган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ҳам БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун бўлиб, мамлакатимиз ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни тўлиқ бажармоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича эришилган натижаларга тўхталар экан, мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Бу ташаббус дунё ҳамжамияти томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Зеро, Ўзбекистон тажрибаси бунга чек қўйиш имкони борлиги кўрсатди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар дунё миқёсида этироф этилиб, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрни анча яхшиланди. Бу, ўз навбатида, инвестициялар жалб қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланишига хизмат қилаётир.

Кучли давлатни салоҳиятли кадрлар қуради

Инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан бири. Бугун қайси соҳани олмайлик, етук кадрларни тарбияламасдан туриб бирор натижага эришиб бўлмаслиги кундек равшанлашмоқда.

Шу боис, юртимизда креатив фикрлайдиган кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялаш мақсадида таълим тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас. Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат айтганидек, “Ҳар бир мамлакатнинг толеси ва тараққиёти ёшларга қандай таълим ва тарбия берилишига ҳар томонлама боғлиқдир”.

Ўтган қисқа даврда юртимизда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлашга катта куч ва маблағ йўналтирилди. Ёш авлод камолини кўзлаб соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларнинг амалий рўёби, самараси эса барчамизнинг кўз ўнгимизда яққол намоён.

Бугун юртимиз қандай катта ютуқ ва марраларга эришганининг тасдиғини англаш учун ҳудудларда янгидан кўркам ва муҳташам мактаблар бунёд этилгани, мавжудлари капитал таъмирдан чиқарилиб, тараққиёт асри талабларига ҳамоҳанг қулайлик ва шарт-шароитлар яратилгани, маърифат масканларининг моддий-техник базаси йилдан йилга мустаҳкамланиб, такомиллаштириб борилаётганида эътибор қаратиш ўринлидир.

Илгари ёшларнинг орзу-истаклари билан кўп ҳам қизиқилмаган. Таълим соҳаси эътибордан четда қолгани учун ёшлар мактабни тамомлаши билан олий ўқув юртида ўқишни давом эттириш ўрнига хорижга кетишга мажбур бўларди. Сабаби, квоталар кам, қабул имтиҳонларида турли муаммолар бор эди. Қисқа даврда таълим соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида ҳам ёшларга масаласига алоҳида тўхталиб, йигит-қизлар манфаатларига қаратилган муҳим ташаббусларни илгари суриб келмоқда. Масалан, 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясида ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция қабул қилиш ташаббусини илгари суриш орқали давлатларни ёшлар тақдири ва келажаги борасида масъулиятни ўз зиммаларига олишга чақирди.

Изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. Олий таълим муассасалари сони қарийб уч баробар оширилди ва 210 тага етказилди. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.

Ўзингиз айтинг, сўнгги йилларда мамлакатда бўлаётган янгиланишлар, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жонланиш, ўсишларни кўриб, буни эътироф этмай бўладими?! Ахир кўз ўнгингизда рўй бераётган бу ўзгаришларни тан олмаслик ҳақиқатдан кўз юмиш эмасми?! Бундай ўзгаришларни кўриб, ўн йиллаб ҳал бўлмаган масалаларни, мана, қисқа фурсатда ҳал қилса бўлар экан-ку, дейсиз.

Мамлакатимизда ёшлар сиёсатига оид тизимли ишлар натижасида ташаббускор, ислоҳотларни амалга ошириш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этишга қодир ёш кадрлар захираси шакллантирилди. Ҳозир айнан шундай ёшларга ишонч билдирилиб, масъул лавозимларга тайинланмоқда.

Ёшларга оид бундай ислоҳотлар тўхтаб қолмайди, аксинча, фарзандларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга янада кўпроқ имконият ва шароитлар яратиш борасида янгича ёндашувлар асосида кенг кўламли ислоҳотлар давом этади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, бошқа минтақаларнинг илғор тажриба ва ютуқларини ўрганишдан манфаатдормиз, дея таъкидлар экан, ташкилот ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси айни муддао бўлди. Ушбу дастур минтақамиз давлатлари томонидан яқинда имзоланган Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим самарадорлигини ошириш, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган тузилмалари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда бошқа митақаларнинг илғор тажриба ва ютуқларини ўзлаштирган ҳолда, уларни муваффақиятли амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.

Умуман, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқи ва АҚШга ташрифи жўшқинлиги, кун тартиби долзарблиги ва ҳар бир учрашувнинг амалий натижаларга эришишга қаратилгани билан эътиборли бўлди.

Ушбу юксак минбардан туриб жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола этилган барча масалалар ҳаётийлиги, ташаббуслар ўз вақтида илгари сурилгани билан аҳамиятли бўлиб, инсоният олдида турган ўта муҳим вазифаларни кўрсатиб бераётган бу таклифлар бутун минтақамиз хавфсизлигини таъминлашга, халқларнинг тинч-фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилади.

 Салоҳиддин ИСОМИДДИНОВ,

журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг