Азиза Умарова: «Пахта экилган ер 25 доллар фойда келтиради, боғ эса 3500 доллар»
Давлат бошқаруви соҳасидаги мутахассис Азиза Умарова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун сайловда иштирок этмасликка қарор қилди. Бу ҳақда унинг ўзи баёнот бериб ўтди.
— Менда сиёсатга ўта берилиб кетиш, сиёсатпарастлик йўқ. Шунингдек, депутат бўлиш ниятим ҳам йўқ, чунки номзодлар борасида олдинги сайловларга нисбатан жиддий силжишлар бўлишига ишончим комил эмас. Сизлар қатори мен ҳам умрим давомида ўзим сайлаган бирорта депутатни билмаганман, юзма-юз келмаганман, нима бўлибди, яшаяпмиз-ку!.. Ўтган ойлар мобайнида партия ҳали бирор бир йиғилишига чақиргани йўқ. Номзодларнинг тайинланиш жараёни мавҳум. Маълумот тўплаш ва ахборот ҳужумлари тушунарсиз бўлмоқда. Буларнинг барчаси беҳуда нарсалар.
Умид қиламанки, ҳеч бўлмаганда бир нечта муносиб фаол инсонларга имкон берилади. Масалан, Кушербаев кабиларга. Ҳеч бўлмаганда 10 нафар шундай инсонга йўл очилганда эди...
Ким депутат бўлишидан қатъи назар, илтимос, уч ислоҳотга эътибор беринг:
1. Ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳот. 2013 йил гуруҳимиз билан Молия вазирлигида ёлғиз қолган кекса кишиларнинг озиқ-овқат пакетлари нархининг ҳажми 1998 йилдан бери индексатция қилинмаганлигини аниқлаштиргандик. Шундан Меҳнат вазирлиги билан барча меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиққанмиз ҳамда ВМҚ қабул қилганди: http://www.lex.uz/docs/2718858
Бу амалга оширилиши зарур бўлган ишларнинг кичиккина мисоли, холос. Бундай ишлар бардавом бўлиши шарт. Ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича агентликни ташкил қилиш, ижтимоий фаолият тизимини тадбиқ этиш ҳамда ҳимояга муҳтож қатламларни давлат қарамоғига олиш керак. Ижтимоий ҳимоя қилиш ташкилоти мавжуд бўлмаган бирор бир давлатни билмайман.
2. Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш. Ўзбекистонда сувнинг 90 фоизи суғоришга ишлатилади, шунинг ярмидан кўпроғи пахтага кетади. У эса арзимаган чақачалик маблағ олиб келади. Бунда давлат буюртмасини бажараётган давлат компанияларигина ютади. Ўйлаб кўринг, бир гектар пахтадан 25 доллар, бир гектар боғдан эса 3500 долларгача маблағ топиш мумкин. Бундай кўринишдаги субсидия қишлоқ хўжалигида ўрта синфни юзага келтирмайди. Хусусий ер эгалари – фермерларга нисбатан муносабатни ўзгартириш зарур.
3. Таълим тизимини ислоҳ қилиш. Мактаб — биз учун энг муҳим. Ҳар бир ўқувчига арзимас (ҳатто айтишга ҳам одам уялади!) маблағ ажратамиз. Қўшни мамлакатларда давлат таълимга анча маблағ беради. Биз мактаблар ва университетларимизни ҳар бир киши сонига кўра молиялаштиришга ўтишимиз зарур. Мактаб таълим ислоҳотида барча дарслик ва ўқитиш услублари қайтадан кўриб чиқилиши шарт. Акс ҳолда инсон капитали (human capital) масалаларини ҳеч қачон ҳал қила олмаймиз.
Парламентнинг олдиндан тузилган, беш йилга мўлжалланган қонунчилик ташаббуслари бўлиши лозим. Давлат бюджети ягона тарзда жамлаштирилиб, барча бюджетдан ташқари маблағлар унда акс эттирилиши зарур.
Мамлакатимни жуда ҳам севаман. Ишонаманки, биз тўғри йўлдамиз. Бироқ теран мушоҳада юритган ҳолда англамоқдаманки, эҳтимол, ҳозирча юқори марраларни белгилаш, партиялар ва янгиланган парламентлар тўғрисида гапириш мавриди эмас.
Таълим соҳасида энг муҳим ташаббус устида иш олиб борилмоқда. Агар рўйхатда қайд этилаётганда рад этиш юзага келса, менинг бурчим исталган асаббузарлик ҳолатлари юзага келаётган сабабларни бартараф этишдан иборат... (Ўз фикрига эга ҳар қандай номзод кишининг асабига тегади). Бу мамлакатимизнинг келажакдаги ёшлари учундир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter