Зулфиқор Мусоқов ва Аҳад Қаюм. Мунозарада улар ҳақида гапирилди
Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида 11-16 январ кунлари «Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги» ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди. Айни вақтда ҳафталик доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Xabar.uz мухбири «Кино сценарий қандай ёзилиши керак» мавзусида маҳорат дарсида иштирок этди.
Шоира Ғиёсова томонидан ўтказилган маҳорат дарси устоз ва талабалар ўртасидаги мунозарага айланиб кетди.
«Актёрлик маҳоратини сайқаллашда жуда эхтиёт бўлиш лозим. Масалан, ҳозир телеканаллардан бирида «Актёр» кўрсатуви ташкил этилган. Шахсан ўзим бу кўрсатувга мутлақо қаршиман. Чунки қайсидир қўшиққа оғзини қимирлатиб қўйган билан актер бўлиб қолмайди. Бир нарсани тушуниш лозим — бизнинг «ошхонамиз»ни ҳаммага ҳам кўрсатиш аслида мумкин эмас.
Иқтидор юзага чиқади. Фақат бунинг учун кўп ишлаш керак. Агар сизда дарҳақиқат талант бўлса, томошабин топиб олади. Биласизми, Майкл Жексон фаолиятининг бошида ўзини умуман кўрсатмаган. Фақат қўшиқлари тарқаган. Унинг юзини кўришга орзумандлар бор эди. Буюклар ўзини кўрсатиши шарт эмас. Томошабин уни топиб олади», — деди сценарист Шоира Ғиёсова.
Мунозара давомида талабалар томонидан замонавий ўзбек киночилигида сценарийлар ўрни жуда заиф экани танқид қилинди.
«Ҳозирги аксарият фильмларда сценарийлар савияси жуда паст. Аҳвол шунчалик ёмонки, ҳатто «режиссер» йўл-йўлакай съёмкага кетаётганда, машинада ўтириб ҳам сценарий ёзиб кетиши мумкин. Орадан икки соат ўтар-ўтмас ўша сценарий бўйича «кино» олишади.
Ўзбек фильмлари олдин юракка, кейин мияга таъсир қилади. Яъни, аввало ҳиссиёт, кейин ақл. Хорижда эса аксинча, аввал ақл билан тафаккур қиласиз, кейин улкан ҳиссиёт пайдо бўлади.
Бизда асосан романтикага урғу беришади. Аммо шуни ҳам уддалай олишмайди. Нима учун жангари саҳналар сунъий чиқади? Мана, Қозоғистонда ҳам жаҳон прокатига чиқадиган фильмлар ишланмоқда. Биз ҳам шу даражага чиқишимиз мумкин, фақат ишга бўлган муносабатни ўзгартиришимиз лозим.
Аслини олганда ҳамма нарса ҳам пулга бориб тақалмайди. Сон учун сифатни қурбон қилмаслик лозим. Нима учун Зулфиқор Мусоқов йилига 50 та фильм олмайди? Чунки у ўнта бемаъни фильмдан кўра, битта олади, яхши олади», — дейилди талабалар томонидан.
Мунозара давомида Аҳад Қаюмга ҳам тўхталиб ўтилди. Сценарист Шоира Ғиёсова у ҳақида шундай фикр билдирди.
«Ахад Қаюмни ижодкор сифатида ҳурмат қилмаслигим мумкин. Аммо қойил қоладиган томоним — унда ўзига бўлган ишонч жуда юқори. Бу каби ишонч анча-мунча одамда йўқ. Шахсан ўзим ҳам ўзимга бу қадар ишона олмайман. У эса ишонади», — деди Шоира Ғиёсова.
Маҳорат дарси давомида яна бир қатор масалалар кўтарилди. «Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги» давом этмоқда. Xabar.uz ушбу тадбирни ёритиб боришни режалаштирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter