Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зиёратчилар учун хушхабар: Жидда ва Тошкент ўртасида авиақатновлар сони оширилмоқда

Зиёратчилар учун хушхабар: Жидда ва Тошкент ўртасида авиақатновлар сони оширилмоқда

Саудия Арабистонининг «FlyNas» авиакомпанияси жорий йил 15 ноябрдан Жидда ва Тошкент ўртасидаги рейслар сонини кўпайтиради. Икки шаҳар ўртасида ҳар куни авиақатнов амалга оширилади.

Тошкентга рейсларнинг кўпайтирилгани талаб кескин ошгани билан боғлиқ. Кунлик қатновларнинг йўлга қўйилиши зиёратчиларнинг Макка ва Мадинадаги икки муқаддас масжидга бориши учун қулайлик саналади. Қолаверса, бу икки давлат фуқароларининг тижорат, сармоя ва туризм мақсадларидаги алмашувини ҳам фаоллаштириши кутилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, «FlyNas» ширкати жорий йил 15 сентябрдан Жидда – Тошкент – Жидда йўналишида авиақатновларни амалга оширишга киришди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига жорий йил август ойидаги ташрифи доирасида икки давлат ўртасида авиақатновлар сонини ошириш тўғрисида ҳужжат имзоланган эди. Шунга кўра, «Ўзавиация» агентлиги томонидан 2022 йил 26 августда «FlyNas» авиакомпаниясининг 2021 йил 25 июндаги 12-К-сонли эксплуатацион рухсатномасига янги йўналиш ҳам киритилди.

Бу – Саудия ширкатининг Ўзбекистондаги иккинчи қатнов йўналишидир. 2021 йил августдан Риёз – Тошкент – Риёз йўналишида ҳам рейслар амалга оширилмоқда.

«FlyNas» (собиқ «NasAir») авиакомпаниясига 2007 йилда асос солинган. Яқин Шарқнинг етакчи авиаташувчиларидан бири саналган ширкат жорий йил бошида «Биз дунёни подшоҳлик билан боғлаймиз» шиори остида кенгайиш стратегиясини эълон қилган. Компания 2030 йилда йўловчи ташиш кўрсаткичини 330 миллион нафарга, Саудия билан боғлиқ халқаро йўналишлар сонини эса 250 тага етказишни мақсад қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг