Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зинат Омон. Икки эр, иккинчи хотин ва... калтаклар

Зинат Омон. Икки эр, иккинчи хотин ва... калтаклар

Зинат Омон ҳинд актрисаси ва модели. Энг яхши иккинчи даражали роллари учун «Filmfare» мукофоти совриндори. «Ҳиндистон гўзали» ва «Тинч океани Осиёси гўзали» танловлари ғолиби. Зинат Омон ўзбек ва ҳинд киноусталари томонидан суратга олинган «Алибобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари», «Севги афсонаси» фильмларида етакчи ролларни ижро этган. Ўзига хос жозибаси, латофати туфайли миллионлаб мухлислар орттирган. Унинг ҳорғин нигоҳи, ақиқ лаблари кўплаб эркакларни ақлдан оздирган. Аммо Зинат ҳаёти мобайнида уйланган эркакларни танлади, натижада кунлари алғов-далғов бўлди...

Қизалоқ туғилди, аммо...

1951 йилнинг 19 ноябрида Сцинда ва Омонулла Хонлар оиласида бахтли воқеа рўй берди – қизалоқ туғилди. Унга Зинат деб исм қўйдилар. Оиланинг ягона фарзанди ҳисобланган бу қизалоқ йўргаклигидан ғамхўрлик ва эътиборга сазовор бўлди.

Афсуски, Омонулла ва Сцинда феъл-атворлари жиҳатидан турлича одамлар эдилар. Уларнинг эътиқодлари ҳам бошқа-бошқа: эр мусулмон, хотини эса индуизмга риоя қиларди. Бошқалар ҳеч ким ва ҳеч нима Омонулла ва Сцинданинг муносабатларини бузолмайди деб ўйлашарди. Аммо диний қарашлар нафақат одамларни, балки бутун-бутун халқларни ҳам икки қутбга ажратиб ташлашга қодир. Қизалоқнинг туғилиши дастлаб ота-онаси ўртасидаги келишмовчиликларга нуқта қўйган эди, бироқ бу узоққа чўзилмади: улар Зинат ҳали увоққина эканлигида ажрашишди. Омонулла уйни тарк этди, қизалоқ онаси билан қолди.

Зинат отасини деярли кўрмади. Омонулла хотини ва қизи яшайдиган Бомбейдан 150 километр олисдаги Пунада истиқомат қиларди. У сценарийлар ёзар, ҳамиша банд – ҳаёти доимо учрашувлар, муҳокамалар ва тайёр матнларни қайта кўчириш билан ўтарди. Қизи билан Бомбейга келганида кўришарди. Бу дийдорлашув қисқа бўлар ва деярли ҳамма вақт йўл-йўлакай амалга ошарди.

Омонулла Хон қизи 13 ёшга тўлганида вафот этди. Зинат бу ҳақда эрталабки ибодат пайтида эшитди. Пунага етиб боргунича отасини кўмишган эди. Зинатнинг болаликдаги энг катта таассуроти – мотам маросимидаги одамларнинг оппоқ либос кийгани эди.

– Биз отам билан кам кўришардик, бироқ у киши ҳаётдан кўз юмганида, мен улкан бўшлиқни ҳис қилдим, – дейди Зинат. – Улғайганим сайин бу бўшлиқ катталашаверди, уни ҳеч нима билан тўлдириб бўлмасди. Бир куни мен отамнинг дўстини учратдим. У падари бузрукворимнинг нечоғли яхши ва истеъдодли инсон бўлганини узоқ гапириб берди. Мен уйга қайтгач, бир неча соат йиғладим. Отам билан нима сабабдан биргаликда шунчалик кам вақт ўтказганимизни сира тушуна олмасдим.

Зинат Бомбейдаги мактабда ўқиди. Умуман айтганда, Зинат Омон болалигидан ҳамиша ва ҳамма жойда биринчи бўлишга интилган: баскетбол бўлса – фақат ғалаба, ўқишда – нуқул юқори баҳолар!

Бу орада онаси Сцинда европалик эркак билан танишди ва унга турмушга чиқди. Янги отанинг ўгай қизига кўникиши учун анчагина ноқулай ҳолатларни бошдан кечиришига тўғри келди: Балоғат ёшидаги Зинат ўзгараётган қоматидан ниҳоятда уяларди. У иссиқ кунларда ҳам қалин кийинар, кўзга ташланмасликка ҳаракат қиларди.

– Бир куни ўқитувчи шамоллаб қолганмисан, деб сўради ва мен уни ишонтириш учун кучим борича ёлғондакам аксириб, йўтала бошладим, – эслайди Зинат.

Вақт ўтиши билан ўгай қиз ва ўгай отанинг муносабатлари қавм-қариндошларники каби яқинлаша бошлади. Ўгай ота Зинатга китоблар ўқиб, динлар, урушлар, Европа шаҳарлари, у ердаги аёллар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб берарди.

Мактабни тугатгач, ўқишни давом эттириши учун Зинатга махсус стипендия ажратилди. У таҳсил олиш учун олис Калифорнияга равона бўлди. Кўзлари хумор, қомати расо Зинатни модель бизнеси агентлари пайқамасликлари мумкин эмасди. Дастлаб у ўзини намоён этишга уяларди, кейин эса бу иш ёқа бошлади. Зинат табиат инъом этган гўзалликни кўз-кўз қилишдан тортинмаслиги кераклиги ҳақида хулоса чиқарди. Бу эса унинг келгусида кинода очиқ-сочиқ кийимда суратга тушишига олиб келди.

Раж Капурнинг муваффақиятсиз таклифи

Маълумки, модель бизнесидан кинематографгача – бир қадам, моделлар кўпинча актёрлик касбини танлайди. Бироқ айримлар оддий роллардан нарига ўтмаса, бошқа интилувчанлар муваффақият қозонишади. Зинат иккинчи тоифага мансуб эди. Унинг биринчи фильми «Hulchul», иккинчиси «Ҳангома» бўлиб, ҳар иккала картина ҳам эътибор қозонмади.

1972 йили Дев Ананд Зинатни ўзининг «Ака ва сингил» фильмидаги иккинчи даражали ролга таклиф қилди. Аслида у мазкур фильмга тасодифан тушиб қолган – Жасбир роли бошқа актрисага мўлжалланган эди. Бу актриса сўнгги лаҳзада бош ролни талаб қилган, режиссёр рад жавобини бергач, лойиҳадан кетганди. Шундан сўнг Зинат муносиб кўрилди.

Зинат фильмда иштирок этаётган кунлари кўнгилсизлик рўй берди. У парвоз қилаётган самолёт кучли бўронга йўлиқди. Лайнер титраб, тебраниб, йўловчилар ибодат қила бошладилар. Бахтга кўра, учувчи самолётни ерга эсон-омон қўндиришга муваффақ бўлди. Худди шу тарзда актриса ўз ҳаёти мобайнида бахт ва мусибат, муҳаббат ва нафрат ўртасида мувозанатни сақлашга уринганида кўплаб марта талвасага тушишига тўғри келди.

Бундай ҳолат руҳий таназзулга яқин эди. Фильм экранга чиққунга қадар Зинат шунчалик ўз ичини еб-тирнадики, кино қисмати эмаслиги ҳақида бир қарорга келди. Бу қарор тўғрилигига узил-кесил ишонч ҳосил қилиб, Германияга – онаси ва ўгай отасининг олдига кетмоқчи бўлди. Ҳар ҳолда охирги дақиқада, юклар ортиб бўлинганида у премьерани кутишга аҳд қилди.

Фильм нафақат томошабинлар, балки танқидчиларнинг ҳам юксак баҳосига сазовор бўлди. «Ака ва сингил» Зинат Омонга «Энг яхши иккинчи даражали роли учун» номинацияси бўйича Filmfare Awards киномукофотини олиб келди. Актриса унда зулмкор ўгай онаси туфайли Ҳиндистондан Непалга қочган қиз ролини ўйнаган эди.

Ҳали ҳеч қайси актриса бундай қаҳрамонни ижро этмаганди. «Зинат Омон иштирок этадиган фильмларда қалбдан кўра қомат бисёр», – дейишди танқидчилар. Эски ақидаларга ўрганган Ҳиндистон учун бу ҳақиқий инқилоб эди.

1978 йили Зинат Раж Капурнинг «Ҳақиқат, муҳаббат ва гўзаллик» фильмида суратга тушди. Сценарий бўйича бош қаҳрамоннинг қалб гўзаллиги ташқи чиройидан муҳим эканлигини очиб бериш керак эди, бироқ режиссёр актрисанинг қоматига эътибор қаратди. Натижада фильм муваффақиятсизликка учради.

80-йилларда Зинат Омон кўплаб юлдузлар иштирокида ўзининг мафтункорлигини намойиш этишига тўғри келди. Бироқ мазкур фильмлар қаҳрамонлари, асосан, эркаклар эди. Фақат Р.Чопранинг «Адолат тарозиси» ўзгача кинокартина бўлди. Зинат унда зўравонлик қурбонини ижро этди. Шундан сўнг актриса иштирокидаги муҳаббат учбурчаги акс этган «Содиқ дўстлар» фильми муваффақият қозонди.

Эр-хотин дўппослашгач...

Зинат Омон икки марта турмуш қурди. Тақдир тақозосига кўра, ҳар иккала эрининг фамилияси Хон эди. Унинг биринчи эри актёр ва режиссёр Санжай Хон ҳисобланади (Раж Капур бош ролни ижро этган «Абдулла» фильмидаги Муҳаммад роли ижрочиси). Уларнинг муҳаббати кино майдонида учқунлади. Ваҳоланки, Санжай аллақачон уйланган, фарзандлари бор эди.

Муҳаббат кўзларини кўр қилган Зинат Омон севгилисининг ёнида бўлиш учун унинг иккинчи хотинига айланишга ҳам тайёр эди. Аммо эвазига калтаклар ва хўрланишлар билан жавоб олди. У Санжайни бутун қалби билан ниҳоятда яхши кўрди, бироқ омма орасида шармисори чиқди. Актриса гўё ўзининг иштирокидаги фильмлар қаҳрамонига айланди, фақат улар бирмунча қўрқинчли эди.

Санжай билан Зинатнинг яқин муносабати оқсуяклар оқшомида якун топди. Ўша куни Санжайнинг хотини Зарина барчанинг кўз ўнгида Зинатга тарсаки туширди. Шундан сўнг Санжай ҳам Зинатнинг юзига бир нечта мушт туширди. Оқибатда актрисанинг ўнг кўзи жиддий шикастланди.

Зинат Омон машҳур бўлса-да, Хон ўзининг муштумзўрлиги учун жавобгарликка тортилмади – казо-казо дўстлари туфайли унга лом-мим дейилмади. Полиция калтаклар оқибатида Зинатнинг ўнг кўзи мажруҳ бўлганига эътибор ҳам бермади. Жарроҳлик операциялари жароҳатни тўлиқ бартараф этмади, шу боис унинг ўнг кўзидаги мажруҳлик ҳозиргача кўриниб туради.

Санжай эса, ўша воқеадан тўрт кун ўтгач, матбуот орқали Зинатни бошқа эркак билан ушлаб олганини айтиб жар солди ва у билан ажрашди.

Санжай Хонга «тутқун» бўлган пайтларида Зинат Омон «Кўҳна ибодатхона хазинаси» ва «Уч мушкетёр мисоли» каби машҳур фильмларда суратга тушди. Ҳеч ким уни қийналаётган, азият чекаётган аёл деб ўйламас, чунки Зинат ўзига ишонган ва «гуллаб-яшнаётган»дек таассурот қолдирарди. Ваҳоланки, ўша дамда актриса чуқур тушкунликка тушган эди.

У Санжай билан ажрашди, бироқ ажримдан сўнг суратга тушадиган фильмлари сони кескин камайди. Афтидан, Хон Зинатга келувчи кислородни тўсиб қўйган эди. Зинат Омон даражасидаги актриса иштирокида фақат икки йилда битта фильм чиқиб турди.

Иккинчи Хон, ўлим ва ҳақоратлар

Санжай Хон билан ажрашганидан тўрт йил ўтиб, 1985 йили Зинат Омон актёр Мазхар Хонга турмушга чиқди. Кўпчилик бу эркак унинг ҳаётини муҳаббатга лиммо-лим тўлдиради деб ўйларди. Сабаби, Зинатнинг гўзаллигига ошуфта Мазхар унинг қўлини сўраб ҳоли-жонига қўймаганди. Мазхар Хон Зинат учун, ҳатто хотини ва фарзандини ҳам ташлаб кетган эди. Охир-оқибат Зинат унга турмушга чиқишга рози бўлди.

Оилада икки ўғил туғилди. Уларга Азан ва Захан деб исм қўйилди. Ниҳоят Зинат ўзи орзу қилган бахтга етишгандек туюлди. Афсуски, у яна ҳиссиётларига алданган эди. Мазхарни хотини билан қаерга бормасин, айнан Зинатнинг диққат марказида бўлиши жаҳлини чиқара бошлади. Гарчанд актриса кинода деярли суратга тушмай қўйган, ўзини оиласи ва фарзандлари тарбиясига бағишласа-да, журналистлар интервью беришини сўрашар, мухлислар кўча-кўчада йўлини тўсиб дастхат илтимос қилишарди.

Мазхарни эса пайқамасдилар. Хотинининг машҳурлиги уни дарғазаб қиладиган бўлди. Натижада Мазхар Зинатга ғазабини соча бошлади. Зинатнинг яна хўрлик ва калтакларни бошдан ўтказишига тўғри келди. Бу ҳақда фақат оиланинг яқин дўстлари билишарди, бошқалар кўз ўнгида Зинат ҳамиша ёрқин ва кучли шахс сифатида намоён бўларди. Актриса ҳар қанча калтакланиб ҳақорат қилинмасин, икки ўғлига ота кераклигини ўйлаб сабр қилди. Болливудда Мазхар Хоннинг ярамас феъли ҳақида гап-сўзлар юрар, аммо актриса бу мавзуга дахлдор ҳар қандай саволларни четлаб ўтарди.

Зинат 13 йилдан кейин – болалар улғайганидан сўнг Мазхар билан ажрашишга қарор қилди. Ҳар ҳолда у шундай деб ўйлади ва 1998 йили судга ариза берди. Бироқ суд ажрим чиқаришга улгурмади – ўша йилнинг сентябрь ойида Мазхар Хон ҳаётдан эрта кўз юмди.

– Ўртамиздаги муносабатлар мураккаб бўлганига қарамай, мен ҳамиша унинг етишмаслигини ҳис этаман. Энг кучли оғриқни болалар бошдан кечиришди – кичик ўғлим отасининг фотосуратларини ўз хонасига ёпиштириб, у ердан чиқмасликка ҳаракат қилди. Бу ҳақда кўз ёши тўкмай ўйлаб бўлмайди, – дейди Зинат ўша мусибатли кунлар ҳақида.

Мазхарнинг ўлимига буйрак фаолиятидаги етишмовчилик сабаб бўлган. Бироқ унинг қариндошлари Зинатни айблашди. Актрисанинг нақадар ёмон хотин бўлганини айтиб интервью беришди, телевизорга чиқишди. 11 ёшли Азанни ҳам онасига қарши гижгижладилар. Бир куни эса улар уйга келиб, Зинатни калтаклаб кетдилар. Айтишларича, актрисани дўппослаганлар орасида унинг ўғли Азан ҳам бўлган.

Мазкур воқеадан сўнг Зинат Омон жасорат кўрсатиб, матбуот анжумани ўтказди. У журналистларга марҳум эри ва Мазхар Хоннинг қариндошлари билан муносабатлари ҳақида гапириб берди. Аммо орадан кўп ўтмай Зинат яна бир фожиани бошидан ўтказди – қизи билан рўй берган кўнгилсизликларга дош бера олмаган онаси Сцинданинг юраги уришдан тўхтади. Зинат унга ниҳоятда боғланиб қолган эди.

– Бу икки йил мобайнида мен нақ жаҳаннамда бўлдим, – дейди актриса. – Энг даҳшатлиси орқада қолди деганимда яна фожиалар рўй берарди. Менинг қанчалик таҳликада яшаганимни фақат энг яқин инсонларим билишади.

Ҳар ҳолда Зинат Омон кинога қайтиш учун ўзида куч топа олди. Унинг ишларини бармоқлар билан санаш мумкин. Шу боис экранда ҳар бир пайдо бўлиши Зинатнинг туҳфаси сифатида қабул қилинади. Энг муҳими эса ўғли она бағрига қайтди. Бу кўҳна тарихда ким ҳақ эканлигини билиш учун Азандан кам вақт талаб қилинмади. Зинат ўғлини кечирди, ахир онаизор ўз боласига гина сақламайди-да!

Улар Мумбай чеккасидаги шахсий уйда истиқомат қилишади.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг