Замонавий «карвонсарой»лар қурилади
Туризм транспорт коридори бўйлаб ер участкаларини реализация қилиш ва автомагистраль йўллари бўйлаб замонавий стандартларга жавоб берадиган «Карвонсарой»лар ташкил этилади.
Бу ҳақда 30 апрель куни имзоланган «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида сўз боради.
Бунда:
- ҳар бир «Карвонсарой»нинг ташқи кўриниши анъанавий архитектура ва ушбу ҳудуднинг ўзига хослигини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши;
- ҳар бир «Карвонсарой»да туризм хизматлари, ҳунармандчилик ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, автомобилларга, шу жумладан, электромобилларга хизмат кўрсатиш шохобчалари, автотураргоҳ ҳамда замонавий санитария-гигиена шохобчаларининг мавжуд бўлиши;
- «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар бир «Карвонсарой» атрофида дарахт ва бута кўчатларини экиш назарда тутилади.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги Қурилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда замонавий «Карвонсарой»ларни ташкил этиш бўйича манзилли рўйхатни шакллантириб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритишлари керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter