«ЮНИСЕФ» ва «Ucell» сўровлар ўтказиш учун «U-Report» платформасини яратади
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Телиа компаниясининг телекоммуникацион гуруҳига кирувчи «COSCОМ» МЧЖ («Ucell» савдо белгиси) Ўзбекистон ёшларининг нуқтаи назарини ифодалаш учун майдон яратиш мақсадида янги ҳамкорлик битимини имзолади.
Ушбу ҳамкорлик ҳамжамият энг муҳим масалаларни ҳал қилишда иштирок этиши учун мўлжалланган.
«U-Report» - бепул воситани яратишга қаратилган бўлиб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раҳбарлигида «U-Report» СМС ва бошқа технологиялар ёрдамида абонентлардан маълумот ва фикрларни йиғишга ёрдам беради, жавоблар реал вақт тартибида таҳлил қилинади.
Турли секторлардаги вазиятни яхшилаш учун сўровлар натижалари ёшлар ҳамда қарорларни қабул қилишда иштирок этадиган шахслар орасида тарқатилади. Фикрларни йиғиш учун бериладиган саволлар соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари, ёшлар орасидаги ишсизлик ва Ўзбекистон ёшларига тааллуқли бошқа масалаларни қамраб олиши мумкин.
Шу билан бирга «U-Report» натижалари, мамлакатнинг ёш фуқаролари эҳтиёжлари ва интилишларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг ёшларга оид сиёсатини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда «U-Report» 5 миллион нафардан ортиқ респондентлари мавжуд бўлган дунёнинг 41 мамлакатида қўлланилади. Ушбу инновацион методология алоҳида ахборотларнинг сир сақланишини кафолатлайди, лекин айни пайтда умумлаштирилган маълумотлар билан жамоатчилик бемалол танишиш имконига эга бўлади. Олинган ахборот ёши, жинси ва минтақалар бўйича реал вақт тартибида таҳлил этилиб, ёшларга ўз тенгдошлари билан алоқа сақлаб туриш ва ҳукумат эътиборини кечиктириб бўлмас масалаларга жалб қилишга ёрдам бериши мумкин. «U-Report»да рўйхатдан ўтиш ихтиёрий ва бепул асосда амалга оширилади.
«U-Report» ўз жамиятларида мавжуд муаммолар тўғрисида маълумотларни тақдим этиш учун У-репортёрлар вазифасини бажарадиган ёш кўнгиллилар саъй-ҳаракатларига таянади, бу эса ўзгаришларга хизмат қилади», – деб таъкидлади ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауман. «Ўз навбатида, У-репортёрлар уларни қизиқтирадиган долзарб масалалар бўйича муҳим маълумот ва хабарларни олиш имконига эга бўладилар. Биз биргалашиб, Ўзбекистон ёшлари учун зарур ўзгаришларни қўллаб-қувватлай оладиган бўламиз. Уларнинг фикрларини эшитиш ўта муҳим, чунки ёшлар мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ташкил қилади. Бизнинг Ucell билан ҳамкорлигимиз инновация ва иштирок тамойилларини амалга оширишга йўналган, бу эса барқарор ривожланиш кун тартиби мақсадларига ҳамоҳангдир».
Шунингдек битим доирасида Ucell ўз обуначиларига ЮНИСЕФнинг веб-ресурсларидан, хусусан www.unicef.uz вебсайтидан бепул фойдаланиш имконини тақдим этишни давом эттиради. Айни вақтда Уsелл болалар фаровонлигига бағишланган Жаҳон кўкрак сути билан боқиш ҳафталиги, Халқаро қўл ювиш куни, Жаҳон болалар куни каби муҳим саналарни нишонлашда ЮНИСЕФнинг барча тадбирларига қўшилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter