Югуришни бошлаш учун беш сабаб
Югуриш инсон ҳаёти учун фойдали экани ҳақида кўп эшитганмиз ё ўқиганмиз. Аммо айнан қайси жиҳатлари билан ва нечоғлиқ фойдали эканини барча ҳам бирдек билмаслиги табиий. Қуйидаги беш факт эса югуриш кишининг ростдан ҳам кучли ва соғлом бўлишига ёрдам бериш ҳақида.
Югуриш — қандли диабетга қарши
Югуриш билан мунтазам шуғулланиш қондаги қанд миқдорини меъёрлаштиришга ёрдам беради ҳамда ҳужайраларнинг инсулинга нисбатан сезувчанлигини оширади, гемоглобин даражасини кўтаради.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қандли диабетга чалиниш 90 фоиз ҳолатда семизлик туфайли келиб чиқади. Айнан шунинг учун ҳам югуриш ушбу касалликдан йироқ бўлишда қўл келади.
Югуриш ва мускуллар
Югуриш билан шуғулланган киши танасининг мускуллари яхшиланади. Инсон югураётган пайтда фақатгина унинг қўлларига етарлича босим тушмайди, аммо бошқа мушаклар — бел, оёқ, елка жуда яхши машқ қилади. Айниқса, спринт ва интервал югуришлар жуда ҳам самарали.
Озиш учун югуриш
Югуриш — ортиқча вазндан халос бўлиш учун энг яхши восита.
Маслаҳат: Эсда тутинг, югуриш орқали вазнни нормаллаштириш ва танани кўркамлаштириш учун машғулот вақти 30 дақиқадан кам бўлмаслиги лозим.
Агар югуриш билан ҳар куни 15-20 дақиқадан мунтазам шуғуллансангиз моддалар алмашинуви яхшиланади.
Ҳаёт учун югуриш
Америка кардиология ассоциацияси кенг кўламли ўрганишлар натижасида шундай хулосага келди: югуришни одат қилган киши ҳар қандай ҳолатдаги ўлим хавфини 30 фоизга камайтиради, юрак фаолияти билан ҳолатларни эса 45 фоизгача! Ҳаттоки, чекувчи, ичувчи ёки ортиқча вазнга эга одамлар ҳам бундан мустасно эмас.
Хотиржамлик учун югуриш
Фанда югуриш билан 20 дақиқа давомида шуғулланиш — инсон организмида бахт гармонлари пайдо бўлишига сабаб бўлиши исботланган. Шунинг учун ҳам югуриш нафақат тана учун фойдали, балки сизга хотиржамлик бахш этади, ўзингизга бўлган ишончни мустаҳкамлайди, турли хавотирларни бартараф этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter