Ёзувчиларнинг гонорар билан таъминланиши қатъий назорат қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 апрель куни «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк шаклидан қатъи назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олади.
Китоб савдоси тизимини такомиллаштириш, жумладан, Уюшма аъзоларининг янги нашр этилган асарлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ўқувчиларга ўз вақтида етиб боришини, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ишлаб топилган маблағлари, шунингдек, корхона ва ташкилотлар, хўжалик бирлашмаларининг ўз маблағлари ҳисобидан ушбу китобларни сотиб олишини ва улар билан ўз тасарруфидаги ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, маданият саройлари, маънавият хоналарини таъминлаши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 23 октябрдаги ПҚ–3350-сон қарорига мувофиқ Уюшма аъзолари учун Тошкент шаҳрида имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали уй-жой қуриш ишлари бошланган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар ҳокимликлари 2018-2021 йилларда ҳудудларда яшаб фаол ижод қилаётган, уй-жойга муҳтож Уюшма аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар ажратиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади. Вазирлар Маҳкамаси мазкур режаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини қатъий назоратга олади.
Мазкур уй-жойларни тақсимлашда қонунийлик ва адолат мезонларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter