Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёзувчилар уюшмаси қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳаёти акс этган ва яна 4 йўналишдаги асарлар учун танлов эълон қилди

Ёзувчилар уюшмаси қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳаёти акс этган ва яна 4 йўналишдаги асарлар учун танлов эълон қилди

Фото: «Google.com»

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 2018-2019 йиллар давомида яратиладиган, юртдошларимиз қалбида юксак ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, одамларни ҳалол яшаш ва меҳнат қилишга даъват этадиган тарихий ва замонавий мавзулардаги бадиий етук шеърий, насрий, драматик, бадиий-публицистик асарлар учун танлов эълон қилади. Бу ҳақда уюшманинг расмий сайти хабар қилган.

Танловга тақдим этиладиган асарларда:

юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш йўлида эришилган ютуқ ва натижалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва аҳамияти, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги туб ўзгаришлар;

мустақиллигимизнинг халқимиз ҳаётидаги беқиёс аҳамияти, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуси, бой маънавий меросимиз ва миллий қадриятларимизнинг ҳаётдаги ўрни ва аҳамияти;

юртимизда туғилиб вояга етган буюк тарихий шахслар, шоир ва алломалар ҳамда халқ қаҳрамонларининг ҳаёти ва фаолияти, оламшумул маънавий мероси;

Ватанимиз мустақиллиги йўлида курашган фидойи инсонлар, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ибратли ҳаёти, айни кунда ҳарбий соҳада жонбозлик кўрсатиб хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётда эришаётган натижалари;

  юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорликлар, тадрибкорларга яратилаётган имкониятлар, ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш борасидаги ўзгаришларнинг халқимиз ҳаётидаги улкан аҳамияти;

 – республикамизда диний қадриятларнинг улуғланиши, жумладан, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академиясининг барпо этилиши билан боғлиқ жараёнлар ва бошқа масалалар чуқур ҳаётий руҳда, юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим.

Танловда Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан қаторда барча юртдошларимиз иштирок этиши мумкин.

Танловни 2018-2019 йилларда икки босқичли тартибда ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, 1-босқичда асарлар жорий йил 1 ноябргача, 2-босқичда 2019 йил 1 ноябргача қабул қилинади.

Таниқли ижодкорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати танловга тақдим этилган асарларни ўқиб, баҳолаб боради. Ғолиб деб топилган асарлар Ёзувчилар уюшмаси муассислигидаги адабий нашрларда ҳамда “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида китоб ҳолида чоп этилади. Муаллифларга эса имтиёзли қалам ҳақи тўланади.

Танловга асарлар икки нусхада (компьютерда Times New Roman шрифтида, 1,5 интервалда кўчирилган) ҳамда уларнинг электрон нусхаси тақдим этилиши лозим.

Мурожаат учун манзил: Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 16-а уй. Телефонлар: 239-27-88; 239-26-91, 227-08-27; Факс: 245-66-95.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг