Ёзувчилар уюшмаси поликлиникасига янги жиҳозлар ва автомобил олиб берилди (фото)
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси поликлиникасида «Дўстлар клуби»нинг навбатдаги учрашуви ташкил қилинди. Унда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ банки бошқаруви раиси, «Дўстлар клуби» аъзолари, ижодкорлар, банк ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Халқ банки томонидан уюшма таркибидаги поликлиникага ижодкорлар соғлигини тиклаб бориш мақсадида мобил рентген ускунаси, N-300 М бинокуляр микроскоп, коагулометр аппарати ва мебел жиҳозлари олиб берилди.
Шу билан бирга, банк томонидан уюшма иш фаолиятида фойдаланиш учун «Ласетти» русумли хизмат машинасининг тақдим этилди.
— «Дўстлар клуби» томонидан амалга оширилаётган барча ишлар шубҳасиз адабиётимиз ривожига, ижодкор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ўз таъсирини кўрсатади, — деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али. — Халқ банки билан ҳамкорликда ҳали узоқ йиллар ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз, катта-катта режаларни амалга оширамиз. Банк томонидан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси муассислиги ва ҳамкорлигида газета ва журналлар моддий базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилари сонини ошириш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган кўплаб ижодкор ёшларнинг контракт тўловлари банкнинг имтиёзли таълим кредитлари асосида тўлаб берилди.
Маълумот учун айтиш жоизки, келгусида «Дўстлар клуби» томонидан турли ижодий учрашувлар ва танловлар ўтказиш, уюшма қошида бадиий таржима мактабини ташкил этиш, қардош давлатлар ўртасида адабиёт кунларини ўтказиш, уюшма аъзолари ва ижодкорларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уюшма аъзолари учун кўпқаватли уй-жойларнинг бошланғич тўловларини тўлашга ипотека кредитлари ажратиш ва шу каби бошқа ишларни амалга ошириш белгилаб олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter