Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёзги таътилдан унумли фойдаланиш учун 6 тавсия

Ёзги таътилдан унумли фойдаланиш учун 6 тавсия

Фото: «Xabar.uz»

Хаш-паш дегунча ёзги таътилнинг ҳам бир ойи ўтди. Одатда болалар биринчи ойни ҳақиқий дам олиш билан ўтказади. Ота-оналар ҳам «Ўқиш энди тугади, дам олсин аввал», деган мақсадда болаларни эркинроқ қўяди: эрталаб уйғотмайди, гаджетлар ва кўчада ўйнаш вақтлари анча чўзилади. Бобо-бувиларникида ҳам энди ҳафталаб меҳмон бўлиш мумкин.

Лекин тўлиқ уч ойни шундай ўтказиб юбориш – исроф. Болани максимал даражада дарс қилишга мажбурлаш ҳам тўғри ечим эмас. Мутахассислар фикрича, энг тўғри йўл: ўқиш ва ўрганишни ўйин тарзида, босимсиз олиб бориш экан. Ҳатто ёзги таълим анча самаралироқ ҳам ҳисобланади.

  1. Ёзда диққатни бир жойга жамлаш осонроқ

Ўқув йилида бир қанча фанлар, ўқишга бориб-келиш ва қўшимча тўгараклар сабаб ўқувчи битта фан ёки йўналишга бор диққатини қарата олмайди. Ёзда эса бу ташвиш йўқ. Бирор ҳунар ўрганиш ёки бадиий китоб ўқиш, тил ўрганиш ва ёки ўзи ёқтирган фан билан чуқурроқ шуғулланиш учун ёзги таътил энг қулай вақт.

  1. Ёзда болаларнинг ижодкорлик қобилияти кўпроқ очилади

Тиғиз кун тартибидан эркин режимга тушган ўқувчи, чуқурроқ фикрлай бошлайди. Ёзда очиқ ҳавода кўпроқ сайр қилиш, ҳеч қаерга шошмаслик ва эртанги уй вазифалар деган юкнинг йўқлиги ижод қилишга ундайди. Болаларнинг биринчи ҳикояси ёки шеъри ҳам одатда ёзги таътилда ёзилар экан. Бу вақтда кимдир расм чизиши, бирор буюм ясаши ҳам мумкин.  Ёз – ижод ва янги қирраларни очиш имконияти.

  1. Ўқишдан узоқлашган мия янги ўқув йилини бошлашга қийналади

Уч ой фақат дам олиб, чархланмай қўйган мия дангасалашиб қолади. Эски билимлар эсдан чиқа бошлайди, янги ўқув йилига мослашиш қийинлашади. Ҳатто қўллар ёзишга ҳам қийналиб қолиши мумкин. Ҳар куни бир соатдан бўлса ҳам ўқиш ва ёзиш билан шуғулланиш янги ўқув йилига осон мослашиб кетишни таъминлайди.

  1. Ёзги машғулотлар қизиқарлироқ бўлади

Болалар учун мўлжалланган ўқув оромгоҳлари, ёзга мўлжалланган ўқув программалари анча енгил ва қизиқарлироқ тузилади. Чунки ёзда асосий эътибор дам олишга қаратилгани ҳолда енгил таълим берилади. Бу эса ўқувчининг осон қабул қилиши, дарсдан узилмай, босимсиз таълим олишига ёрдам беради. Яна бир қизиқарли томони – ўқувчи синфхонада, партада текис ўтириб эмас, ўзи хоҳлаганидек қулай жойлашиб табиат қўйнида ёки диванда ётганича бирор тарихий, илмий фильм кўриши, китоб ўқиши мумкин. 

  1. Фақат яхши кўрган фани билан шуғулланиш учун – ёз энг қулай вақт

Умумий ўрта таълимда ўқувчи ҳамма фанни ўқиши керак. Ёзда эса бу талаб қилинмайди. Адабиёт жону дили бўлган бола учун бадиий асарлар ўқиш учун ёз зўр имконият. Мисол-масалалар ечишдан ҳеч зерикмайдиган ўқувчи эса хоҳлаганча бу иш билан шуғуллансин. Эртага шеър ёдлашим керак, деган босим йўқ. 

  1. Тенгдошларга етиб олиш ёки ўтиб кетиш учун ҳам таътил зўр имконият

«Ҳамма фанлардан яхши ўқийди, аммо…» Ҳар қандай ўқувчининг бир ёки иккита оқсайдиган фани бўлади: кимдир чет тилидан, яна кимдир бирор аниқ фандан орқада. Ўқувчи яхши ўзлаштира олмагани учун ҳам айнан шу фанни ёқтирмаслиги мумкин. Таътил бу бўшлиқни тўлдириб олиш учун имконият беради. Оз-оздан, секин-секин ва янги ўқув йилида яхши натижа билан!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг