Китоб болаларга ҳиссиётларини жиловлашни ўргатади

Данияда бир синф хонасида болалар доира бўлиб ўтиришибти. Бугун улар учун одатий дарс – ҳиссиётлар(эмпатия) дарси. Ўқитувчи савол беради: «Охирги марта қачон жаҳлинг чиққан эди? Ўшанда нималарни ҳис қилдинг?» Болалар навбат билан ҳикоя қиладилар — кимдир укасига жаҳли чиққан, кимдир ўйинда ютқазиб ҳафа бўлган, яна кимдир дўсти билан уришиб йиғлаган. Ўқитувчи уларнинг ҳис-туйғуларини муҳокама қилади, уларни тушунишга ва бошқаришга ёрдам беради.
Бундай дарсларнинг мақсади оддий: болаларни ўз ҳиссиётларини англашга, бошқаларни тушунишга ва жамиятда ижтимоий уйғунлик яратишга ўргатиш.
Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўз ҳиссиётларини тушуниб, бошқара оладиган инсонлар руҳий жиҳатдан мустаҳкамроқ бўладилар, кучли муносабатлар қура оладилар ва ҳатто билим олишда муваффақиятлироқ бўлишади.
Бизда мактабда бундай алоҳида фан йўқ. Лекин бу ҳақида умуман гаплашиб бўлмайди дегани эмас.
Китоб ўқиш ва адабиёт дарслари ҳиссиётларни тушуниш учун ажойиб имконият! Ҳар бир ҳикоя аслида ҳис-туйғуларга бой. Қаҳрамон нега шундай йўл тутди? Ўша пайтда у нимани ҳис қилди? Агар сен унинг ўрнида бўлсанг, қандай ўзингни ҳис қилардинг? Нега унга ачиняпсан? Шундай саволлар болаларга китобни шунчаки ўқиш эмас, уни ҳис этишга, шу билан ўз ҳиссиётларини ўрганишга имкон беради.
Ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир ота-она бу «Дания усули»ни китоб мутолаасига олиб кира олади.
Психологларнинг айтишича, ҳадик хуружи, ваҳима, стресс каби ҳолатларнинг кўпайиши ҳам ана шундай ҳиссиётларимизни тушунмаганлигимиздандир.... Болаликдан ҳиссиётларни тушунишни болага ўргатиш ҳар бир педагог ёки ота-онанинг қўлида. Бунга эса энг катта ёрдамчи китоб ўқиш, адабиётга қизиқтириш. Катталар болаларнинг ўз ҳиссиётларини англашлари учун ҳам кичкинтойлар билан китоб ўқишни одатга айлантириши керак.
Динара Мўминова, болалар ёзувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter