Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўтган йили болаларга зўравонлик ортида 32 та «иш» қўзғатилган

Ўтган йили болаларга зўравонлик ортида 32 та «иш» қўзғатилган

Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, 2024 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда омбудсманлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 1064 та мурожаат келиб тушган. 2023-йилга нисбатан солиштирганда ушбу кўрсаткич 2,4 бараварга ошган.

Маърузада таъкидланганидек, мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 14 та жиноят иши ҳамда 18 та маъмурий иш қўзғатилган.

Таълим муассасаларида болага жисмоний зўравонлик қилганлиги ҳамда ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 7 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган.

Болаларга нисбатан қилган қўпол хатти-ҳаракатлари учун 22 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.

Шунингдек, Интернет тармоғи мониторинги давомида аниқланган ўғил-қизлар ҳуқуқларининг бузилишига оид 83 та ҳолат мутасадди давлат органлари билан ҳамкорликда текширилиб, болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 15 та жиноят иши ҳамда 9 та маъмурий иш қўзғатилган.

Бундан ташқари, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда 87 та ҳолат юзасидан ҳудудлардаги боланинг ижтимоий психологик вазияти баҳоланиб, 11 нафар болага васий ёки ҳомий тайинланиши таъминланган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига мурожаатлар ва ҳамкор ташкилотларнинг сўровлари асосида хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 52 нафар боланинг Ўзбекистонга қайтарилишига эришилган.

Муҳокамалар ниҳоясида маърузани кўриб чиқиш якунлари юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг