Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бундан буён ёш болаларнинг масжидга киришига монелик қилинмайди (видео)

Бундан буён ёш болаларнинг масжидга киришига монелик қилинмайди (видео)

Фото: «Azon.uz»

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, хусусан, Наманганда мактаб ўқувчилари таровиҳ намозига қўйилмагани ҳақида хабар берган эдик. Бизга маълум қилишларича, ёш болаларнинг масжидга киришини чеклаш бекор қилинибди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани бош имоми Одилхон қори Юнусхон ўғли сўнгги кунларда кузатилаётган болаларнинг таровиҳ намозларига киришларига баъзи муаммолар энди бартараф этилгани ҳақида гапирди. Унинг бу ҳақдаги сўзлари ёзиб олинган видео айни пайтда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда.

«Ёш болаларга нисбатан озгина монеълик бўлган жойи бор эди. Бугундан бошлаб, ёш болалар учун бемалол дарвозалар очилди. Алҳамдулиллаҳ, бу ҳам жуда катта даража. Саҳарликлар борасида бироз сиқинти бўлаётганди, алҳамдулиллаҳ, бунга ҳам рухсат бўлди», — дейилади видеода.

Ҳозирча мазкур ҳолат юзасидан на Дин ишлари бўйича қўмита, на Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва на Ички ишлар вазирлиги расмий маълумот бермади. Одилхон қори айтиб ўтган янгилик фақатгина Тошкент шаҳри ҳудудида амал қиладими ёки бутун Ўзбекистонга дахлдорми, бу ҳақда маълумотга эга эмасмиз.

Эслатиб ўтамиз, таровиҳ намозлари бошланган кундан буён ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги аксар масжидларига 18 ёшга тўлмаган болаларни (отаси ёки унинг ўрнини босувчи шахс билан бирга бўлса ҳам) киритилмаётгани ҳақида пайдар-пай хабарлар ёзилиб турган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг