«Ёр-ёр» кўрсатуви танқидлардан сўнг ўзгардими?
Ўтган йили ноябрь ойида Президентнинг Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида «Нуроний» жамғармаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Рустам Калонов «Маҳаллада дув-дув гап» ва «Ёр-ёр» кўрсатувларини танқид қилган эди: «Умуман бизнинг анъаналаримизга зид. Қандай қилиб оила даврасида томоша қилиш мумкин, ҳайронман. Унда чиққан хотинлар эр топаман дейди, эркаклар хотин. Яхши эркак бўлса, ўзи хотин топиб олади». Президент тадбирда иштирок этаётган Бош вазирга бу масалани назоратга олишни тайинлаган эди.
Шундан сўнг ЎзЭОАВМА Бош дирекцияси ва Экспертлар кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтган, телерадиоканалларда медиа маҳсулотлар тайёрлашда маънавий-маърифий жиҳатига эътиборни кучайтириш, оила қадриятларини, халқ анъаналарини кўрсатувлар мазмунига чуқур сингдириш сингари масалалар кўрилган.
Йиғилишда «Зўр ТВ» телеканали бош муҳаррири Феруза Юсупова «Ёр-ёр» кўрсатувининг ижтимоий мазмуни ва юкини кучайтириш юзасидан зарур чоралар кўрилаётгани, мамлакатимиз жамоатчилиги ва томошабинлар билдираётган таклиф ва тавсиялар, албатта, инобатга олинишини айтиб ўтган.
Биз танқидлардан сўнг дастур ҳақида сўраб-суриштирдик.
Хонбиби Ҳиммат қизи, кўрсатув иштирокчиси, журналист:
– 2020 йилнинг охирларида «Зўр ТВ» телеканалида «Ёр-ёр» кўрсатуви намойиш этила бошлади. Шу пайтгача андиша қилиб, дардини бировга айтолмаган ёлғизлар, бевалар, турмушга чиқмаганлар ўз бахтини ва жуфтини излаб келишди. Бундай дастурлар Россия, Туркия, Қозоғистон телеканалларида борлигини билардим. Лекин бизнинг менталитетимизга тўғри келармикин, деб иккилангандим.
Журналист Муҳаббат Ҳамроева, ҳожи она Омина Каримова ва сўз устаси Тўхтамурод Азизов кўрсатувга келганларга ўзларини қизиқтирган саволларни беришди. Шу баҳона юртимизда шаърий никоҳ орқали қурилган кўплаб оилалар тез орада парокандаликка юз тутгани бутун элга ошкор бўлди. Уларнинг ҳаёти бошқаларга сабоқ бўлиши керак.
Айрим ота-оналар ўғлининг ажрашишини кутиб ўтирмасдан дарҳол бошқа қизга уйлантириб қўйиб, кейин аттанг деб қолишларини ҳам кўрдик, эшитдик. Баъзи эркакларнинг оталик масъулиятини унутгани ачинарли ҳол. Оила билан боғлиқ кўп сирлар фош бўлди. Орзулари саробга айланган келин, аёлига хиёнат қилган эркак, икки боласига меҳр бермаган ота, эри ўзидан 20 ёш катта хотинга уйланиб олган аёл ҳасрати, қайнакаси туфайли турмуши бузилган келинчак, етти ойлик чақалоғи билан бахтини излаб келган жувон, қизи билан кўчада қолган она, уч кун яшаган келиннинг оғир қисмати, куёвга мебел ёқмагани учун ажрашган, қайнонаси урган келинларнинг дарду ҳасратидан тутун чиқади.
Аммо кейинги пайтларда бу кўрсатувдаги гап-сўзлардан кўпчилик ранжий бошлади. Айрим сабабларга кўра турмушга чиқмасдан ишлаётган ёки уйда ўтирган ёши катта қизларга «Нега уйдагиларга турмушга чиқаман, деб айтмадингиз? Шу ёшгача ўтиравердингизми?» деган саволлар берилади. Ўзбек оиласида тарбия топган қайси қиз ота-онасига «Мен эрга тегаман» деб айтади.
Гоҳида иштирокчиларни телевидение остонасига бош уриб борганига пушаймон қилдирадиган саволлар ҳам берилиши ўринлимикан? 44 ёшли ўқитувчи қизга «Нимага шу пайтгача турмушга чиқмадингиз? Энди 50 ёшниям ўтказасиз. Уйланган, боласи бор эркак сизга оқ кўйлак кийдириб, тўй қилишни хоҳламайди-да, уялади», дейишди. Бунинг нимаси уят? Ахир унинг ҳам орзу-ҳаваслари бор-ку. Тўйсиз уйидан чиқиб кетиши керакми? Хуллас, кўрсатувга нажот истаб борганларни ҳурмат-иззатини жойига қўйиш лозим. Ким нима деса десин-у, лекин ҳамма ҳам бахтли бўлишга ҳақлидир.
Муҳиддин Омон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир:
– Фикримча, оила қуриш ТВ орқали амалга оширилиши миллий менталитетимизга тўғри келмайди. Ривожланган давлатларда бу иш билан расман рўйхатдан ўтган, фаолияти давлатнинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ келадиган никоҳ агентликлари шуғулланади. Бизда ҳам шундай бўлиши лозим.
Оила масаласининг, инсон тақдирининг шоу қилиниши барибир қадриятларимизга салбий таъсир этади. Балки кўрсатув туфайли кимларнингдир оиласи бутланаётган, кимлардир ўз бахтини топаётгандир. Аниқ фикр айтиш учун мавжуд статистикани ҳам бир ўрганиб чиқиш керак, деб ўйлайман.
Кўрсатувда бошловчиларнинг муомала маданияти, иштирокчиларга муносабатини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаш керак. Хуллас, айни шаклдаги кўрсатувни мен маъқуллай олмайман. Бу шахсий фикрим, албатта.
Муҳаббат Ҳамроева, «Ёр-ёр» кўрсатуви бошловчиси:
– «Ёр-ёр» кўрсатувини «эр топди», «хотин топди» деб ўйлайдиганлар иштирокчиларнинг бу ерга қай аҳволда келишию ва иштирок этгандан сўнг қай ҳолатда чиқиб кетаётганини кўришса, фикрлари бутунлай ўзгаради. Дастурда жуфтликлар бир-бирини совчилар орқали эмас, балки уч бошловчи маслаҳатлари, турли ҳаётий ҳикоялари асосида бир-бирини топадилар.
Бундан ташқари, «Ёр-ёр» дастурида оилавий бюджет, оилавий ҳаётнинг дастлабки босқичидаги қийинчиликларнинг олдини олиш, муаммоларга қандай ёндашиш, мураккаб вазиятлардан қандай чиқиб кетиш йўлларига ҳам тўхталиб ўтилади. Ёшларга юридик маслаҳатлар, ҳаётий ўгитлар бериб борилади. Бу ерда нафақат оилалар қуриляпти, балки ажралиш арафасида турган жуфтликлар ҳам яраштириляпти. Ўнга яқин оила ажралиб кетишининг олди олинди, болалари бағрига қайтарилди. Ҳокимликларга мурожаат қилиниб, бир нечта оилалар уй-жой билан таъминланди.
Ҳозирга қадар бир ярим минг тақдир кўрилган бўлса, шундан 421 нафарининг тўйи бўлди. Дастур ҳақидаги танқидлардан кейин биз тўхтаб қолмадик, аммо ҳушёр тортдик. Танқид, албатта, келажак меваси, балки айрим ўринларда иштирокчиларга ўта самимий бўлгандирмиз, балки қаттиқроқ гапиргандирмиз, «ЗАГСинг борми?», «Алимент оласанми?» деб дангал сўрагандирмиз. Лекин бу гапларни, аввало, уларнинг фойдасини, қолаверса, оила қуриш остонасида турган ёшлар билиб қўйишлари учун айтдик. Чунки келадиган ўнта иштирокчидан саккизтасида ФҲДЁ гувоҳномаси йўқ. Кўрсатувимиз доирасида имкон даражасида шундай ҳолатларга чек қўйишга уриняпмиз.
Бир қувонарли ҳолат, Омина опам 85 ёшда, Тўхтамурод акам 75 ёшдан ошганига қарамасдан, республикамизнинг қаерида бўлса ҳам, иштирокчиларнинг қонуний никоҳдан ўтгани, оилавий бахтиёр эканига ишонч ҳосил қилиш мақсадида биргаликда тўйларига боряпмиз. Ҳокимликларни, маҳаллаларни ҳамкорликка чақирганмиз, маҳалла посбонлари биз билан ҳамкорликда ишлаяпти, ёлғиз қолган инсонларга «Ёр-ёр»га боришни маслаҳат беряпти.
Айрим одамлар «Ёр-ёр» кўрсатувига қанақа ғалати одамлар келади-я, деб гапиришади, лекин биз одам ажратмаймиз. Иштирокчилар орасида олий маълумотлилар ҳам, мактабни битиролмаганлар ҳам бор, уларнинг савияси ҳар хил. Биз уларни камситмаган ҳолда суҳбатлашамиз ва тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Масалан, Оксфордда ўқиган Зилола, Россияда таълим оладиган IT-мутахассис Адҳамбек, Кореяда таҳсил олган юртдошимиз қатнашди. Миср, Қозоғистон, Грузия каби мамлакатлардан ҳам меҳмонлар келяпти. Демак, кўрсатув бугун дунё сари юз тутган, бу эса бизнинг ютуғимиз, албатта.
Оддий инсонларнинг тақдири ҳамма учун қизиқ бўлгани боис бу кўрсатув аудиторияни телевидениега қайтарди. Дастур беш дақиқа кечикадиган бўлса, дунёнинг турли чеккаларида яшайдиган юртдошларимиз қўнғироғидан «Зўр ТВ» телефонлари тиним билмайди. Ҳозирда биз кўрсатув ижодкорларини Америкага таклиф қилишиб, шу ерда яшайдиган ўзбекларга ҳам жуфтини топишга ёрдам беринглар, 35-40 ёшли қизларимиз оила қуришга кечикяпти, дейишяпти.
Урф-одатларимизга зид бўлгани учун кўрсатув ёпилсин, деб икки бора таклиф қилинди. Аммо халққа бу дастур ёқяпти, фақат айрим кимсаларга маъқул бўлмаяпти, шекилли. Чунки маҳалла ва оила бўйича бошқарув органлари яхши ишламаяпти. Кимлар ёлғиз яшаяпти, қайси қизлар турмушга чиқолмаяпти – билишмайди. Масаланинг яна бир минус тарафи очилиб қоляпти: келин-куёвлар ФҲДЁдан ўтмасидан, имом-хатиблар уларга никоҳ ўқишяпти.
Иштирокчиларимиз орасида кекса одамлар ҳам бор, 85 ёшли жиззахлик, 74 ёшли тошкентлик отахонни уйлантирдик. «Ўлимимизни кутиб яшардик, умримиз маъносиз ўтаётганди», дейишганди улар. Бу ёшда уйланиб нима қилади, дейдиган одамлар топилади. Аммо қариганда ҳам инсонга дарддош, ҳамроҳ, умр йўлдоши керак бўлади Масалан, чет элда кексалар йиғилиб дардлашадиган қариялар клуби бор. Бизда эса кексаларнинг кўнглини ким эшитади? Ҳозир аёлларимиз орасида кўкрак саратони хасталиги ортган, бу ёлғизлик, тушкунлик оқибати экани шубҳасиз.
Абдулазиз Муборак, журналист:
– Бувим Иномбиби том маънода қишлоқнинг Фармонбибиси эдилар. Ҳеч ким у кишидан бемаслаҳат тўй қилмас, қозон осмасди. Ким кимга муносиб, ким ким билан ували-жували бўлиб кетади, қайси оила қайсисига тўғри келмайди, бувим масалани осонгина ечиб берардилар. Бирор қиз ёки жувон ўтириб қолса, дарров жойини топиб, тўй бошлатиб юборардилар. Қўли калта оилаларни маҳалла аёллари билан ўртага олиб, сарпо-суруғига ёрдамлашиб, тўйини ўтказиб беришарди. Совчилик бўйича профессионал эдилар.
Қозиликни ҳам қотирардилар. Қишлоқнинг асосий оилавий ғавғоси бизнинг ҳовлида ечиларди. Бир гаплари қулоғимда қолган: «Болам, уйланиш бозорга бориб мол олиш эмас: пулинг бўлса дарров бориб, ёққанини танлаб келаверсанг. Никоҳ кўпчиликнинг иши, оиладагилар, маҳалла-кўй биргаликда амалга оширадиган иш». Дарҳақиқат, шундай.
Аллоҳ ҳам Қуръони каримда қўл остингиздагиларни никоҳлаб қўйинг, деган. Совчилик анъанаси ҳам айни шу асосда шаклланиб қолган бўлса, ажаб эмас. Аммо охирги йилларда кайвони онахонларимиз камайиб кетди ёки ўз вазифаларини тўла адо этишмаяпти. «Ёр-ёр» кўрсатуви менга ёқмайди, аммо жамиятда шунга эҳтиёж бор.
Маҳалла фаоллари, кайвонилар оқсаётган ишда телевидение ижодкорлари ғайрат қилишяпти. Ўша кўрсатувда иштирок этаётган ҳамюртларимиз бизга ойна тутяпти. Башаранг қийшиқ бўлса... деган мақолни унутмайлик, тележурналистлардан ўпкаламайлик.
Турмушга чиқиш умидида кўрсатувга келаётган қизларимиз, опа-сингилларимизни кўриб, юрагим эзилади. Уларга чин дилдан бахт-саодат тилайман. Эркак кишиларнинг иши нисбатан осон. Лекин уларниям маломат қилмайман. Агар миллатимиз совчилик, маҳалла ишларида бош-қош бўлишдай савобли ишларда астойдил бўлса, ўз-ўзидан бу каби дастурларга эҳтиёж қолмайди, деб ўйлайман.
Сиз-чи, азиз юртдош, бу дастурни томоша қиласизми, фикрларингизни изоҳда ёзиб қолдиринг.
Нодира Иброҳимова, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter