Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йўлтўсар депутат: Тошкент вилоятидаги ҳолат ўрганилмоқда

Йўлтўсар депутат: Тошкент вилоятидаги ҳолат ўрганилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ туманида Бахтиёр исмли депутат бошчилигидаги бир гуруҳ аҳоли вакиллари Сурум маҳалласидаги саноат ҳудудида юк автомашиналари ҳаракатига қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео тарқалган эди.

Унда Қуйи Чирчиқ туманидаги саноат ҳудудига юк машиналари кириб чиқишига аҳоли вакиллари мунтазам қарши бўлаётгани, уларга Бахтиёр исмли туман кенгаши депутати бошчилик қилаётгани юзасидан тадбиркорлар мурожаати қайд этилган.

Мазкур ҳолат бўйича Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан ўрганиш олиб борилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ тумани, Сурум маҳалласида юк ташувчи автотранспорт воситалари йўлини тўсиб, одоб-ахлоқ нормаларига зид равишда ҳаракатланган шахс Бахтиёр Жаникулов бўлиб, у 2021 йил апрель ойида 7-Пахтачи округидан Халқ депутатлари Қуйи Чирчиқ тумани кенгаши депутатлигига сайланган. Б.Жаникулов ўтган вақт давомида аҳолини бир неча бор Сурум МФЙдаги йўлни тўсишга чақирган.

Маълумки, Сурум МФЙ худудида тошни майдалаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг цехлари жойлашган. Одатда ушбу цехдаги майдаланган тошлар юк машинаси ёрдамида Тошкент шаҳрига олиб борилади. 2021 йилнинг сентябрь ойи бошидан то ҳозирги кунга қадар, Б.Жаникулов ўз ваколатига кирмаса-да, Сурум маҳалласидаги 10-15 нафар фуқароларни жалб этиб, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг йўлини тўсган ва депутатлик одобига тўғри келмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, уларга дўқ-пўписа қилган.

Мутасаддилар томонидан Б.Жаникулов қонунга зид равишда ҳаракат қилаётгани бир неча бор тушунтирилган.

Хусусан, ушбу ҳолат доимий такрорлангани боис 2021 йил 16 сентябрь куни ўтказилган Халқ депутатлари Қуйи Чирчиқ туман кенгашининг “Регламент ва депутатлик одоби масалалари” бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги мажлисида Б.Жаникулов қонунга зид равишда иш олиб бормаслиги, тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги яна бир бор тушунтирилган.

Шу билан бирга, агар шу каби қонунга зид хатти-ҳаракат яна такрорланса, Б.Жаникуловнинг депутатлик ваколатлари қонунда кўрсатилган нормаларга мувофиқ муддатидан илгари тугатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Шундай бўлсада, Б.Жаникулов ушбу ҳаракатини яна такрорлаган. Айни вақтда мазкур ҳолат тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда. Натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг