Йўлдошбек қорининг аждоди Хива хонлигида ўтказилган қорилар мусобақаси ғолиби бўлган (видео)
2018 йилги Қуръон мусобақаси мутлақ ғолиби Йўлдошбек қори Иброҳим ўғли Нуриддинов Қорақалпоғистондаги буюк диний сулола вакилидир. Унинг аждоди Юнус қори Хива хонлигида ўтказилган қорилар мусобақасида (тахминан 1897 йилда) қатнашиб, совринли ўринни эгаллаган. Юнус қорининг қироатидан ғоят таъсирланган хон Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон (Феруз) шу пайтда унга ўз отини совға қилган...
Маълумотларга кўра 1873 йилда фақатгина Амударёнинг ўнг тарафининг ўзида 600 дан ортиқ мадраса ва масжидлар бўлган. Бу ўша пайтдаги нуфус бўйича ҳар 216 кишига биттадан масжид тўғри келади дегани. Улардан бири Тахиатош туманидаги Муҳаммадмурод эшон масжидидир.
Бу масжид асосан Бобониёз охунд Абдураҳмон ўғли даврида жудаям обод, машҳур мадраса-қорихона бўлган. Бунга далил сифатида Бобониёз охундга Хива хони Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон тарафидан туҳфа қилинган 100 таноб ер ҳақидаги ёрлиқни келтириш мумкин. Ҳижрий 1294 йил муҳаррам ойининг 16-санасида ёзилган бу ёрлиқ жуда катта илмий аҳамиятга эга. Ёрлиқ кўлами 22х33 см, настаълиқ услубида ёзилган, қоғози сариқ рангли бўлиб, кўп сақланиши натижасида пастки қисмлари шикастланган. Бундай ҳужжатлардан асл ҳолида бир нечтаси сақланган.
Муҳаммад Мурод эшон номи ҳижрий 1307 ва 1335 йилги ҳужжатларда «Муҳаммаджон махсум ибн Бобониёз охунд марҳуми» деб келтирилади. Кейинчалик мадраса шу кишининг номи билан юритилган. Катта ўғиллари Жумамурод охунд эса отасидан илм ўрганиб, кейинчалик хонликнинг Оллоҳқулихон мадрасасида таълим олиб, сўнг ўзи ўқиган мадрасада устозлик қилган. Бу ҳақида марҳум Абдухолиқ қори шундай дейди: «Мен ҳам Хивада Оллоҳқулихон мадрасасида ўқидим, Жумамурод акамиз ҳам устозлар қаторида мударрислик қилар эди. Унинг хон совға қилган марҳаба исмли ҳужралари бор эди. Устозлар орасида обрўли одамлардан бири эди».
Бобониёз охунднинг кенжа ўғли Юнус қори эса Кўҳнаурганчда Зойир (Зоҳир) қоридан илм ўрганиб, кейинчалик Хивада Полвонниёз қоридан Каломуллоҳни бир неча усулда ўқиш қоидаларини, араб, форс тилларини ва Қуръоннинг бир неча тафсирини ўқиб-ўрганади.
Юнус қори хонликда бўлиб ўтган қорилар мусобақасида (тахминан 1897 йили) қатнашиб, совринли ўринни эгаллаган. Бу ҳақда унинг шогирдларидан бири Нуриддин қори шундай ҳикоя қилади:
— Ҳафс қироатидан ташқари яна бир неча қироатда ўқиб берганидан кейин таъсирланган хон Саид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон (Феруз) ўрнидан туриб ўзининг тўнини Юнус қорига кийдирган ва от олиб келишларини амр қилган. Келтирилган отга қараб, ўзининг отини келтиришни буюрган. Юнус қорини хон ўз отига миндириб, отнинг юганидан ушлаб шу сўзларни айтади: «Мен сен билан қанча сафарларга чиқдим, сени қамчиладим, мен сени яхши инсонга бераяпман, мендан рози бўл».
Юнус қори Хивадан ўз эли Кенегесга қайтар экан, акалари Муҳаммадмурод, Хўжамурод, Юсуф махсумларга бир гуруҳ уламолар хушхабар етказиб, қорини Эшонқалъа(Халқабод шаҳри яқинидаги қадамжолардан бири)га мударрисликка таклиф этадилар. Акалари рози бўлади ва ёлғиз кетмасин деб Юсуф махсум домлани ҳам қўшиб юборади. Юсуф махсум ва асосан Юнус қори илм ўрганувчиларга устозлик қила бошлайди. Юсуф махсум Эшонқалъада вафот этади ва Эшонқалъа қабристонига дафн қилинади.
Юнус қори ўта талабчан домла ва қаттиққўл инсон бўлган. Шунинг учун ҳам у юздан зиёд истеъдодли қориларнинг устозидир.
Эшонқалъага Имом эшон авлодлари бошчилик қилар экан, қорақалпоқ миллатига мансуб бу кишилар ўзбек миллатига мансуб бўлган Юнус қорини ниҳоятда қадрлаганлар ва Юнус қори ва бошқа бир неча устозлар қўли остида бир неча миллат вакилларидан қори-ю уламолар чиққан.
1913 йили Юнус қорининг катта акаси Муҳаммадмурод домла вафотидан кейин Юнус қори ўз ўрнига шогирди Абдулкарим қорини қолдиради ва ўзи Тахиатош тумани Кенегес қишлоғида отаси Бобониёз оҳунд мадрасасида мударрисликни давом эттиради ва бу ерда ҳам кўплаб қориларни етиштириб чиқаради.
Мадрасада фақат диний эмас, балки дунёвий фанлардан ҳам дарс берилган. Булардан қиссахонлик, адабиёт, тарих фанлари ва халқ оғзаки ижоди оғизма-оғиз шу кунгача етказилганини мисол қилишимиз мумкин. Шу билан бирга бу маскан маънавий-маърифий жиҳатдан ҳам етакчилик қилиб келган. Бу борада қарийб 70 йил давом этган совет тузуми келтирган кулфатлар ва қилган қаршиликларига қарамасдан сақланиб қолган мадраса ҳужжатлари, араб ёзувида битилган эски адабий китоблар ва достонларни яққол далил сифатида кўрсатишимиз мумкин.
Ҳозирги кунда Муҳаммадмурод эшон масжидидаги бу манбаларни чет эллардан тарихчи, тилшунос олимлар ва қизиқувчилар келиб ўрганмоқда.
Бобониёз оҳунд мадрасаси ўрнида қурилган Муҳаммадмурод эшон масжидини шу йил ёзда таъмирлаш режалаштирилмоқда. Бу масжиднинг барпо қилинишида Иброҳим Жумамуродовнинг улуши катта.
Юнус қорининг шогирди Нуриддин қорининг ўғли бўлган Иброҳим Жумамуродов кўп йиллар давомида Муҳаммадмурод эшон жоме масжидининг имоми вазифасини бажарди. Бу киши 2001 йили диёримизда ўтказилган имомлар кўрик-танловида қатнашиб, бепул ҳаж йўлланмаси билан тақдирланди.
Ушбу сулола вакиллари таълим олган Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти 1992 йили Нукус шаҳрида фаолиятини бошлади. Бугунги кунда жуда кўп фахрли инсонлар ушбу билим юртини тугатиб, халқимизга хизмат қилиб келмоқда. Шулар қаторида Бобониёз охунднинг дувараси Яқуб қорини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Яқуб қори 2005 йили юртимизда ўтказилган мадрасалараро олимпиадада қатнашиб, фахрли 2-ўринни эгаллаган. Ўқишни 2005 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаган. Ҳозирги кунда Муҳаммадмурод эшон жоме масжидида имом вазифасида ишламоқда. 2018 йилги Қуръон мусобақаси 1-босқичида фахрли 2-ўринни эгаллади.
2007 йил 10 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан Муҳаммадмурод эшон Бобониёз охунд ўғли қабри устига мақбара тикланди.
Бу авлоднинг яна бир вакили, 2018 йилги Қуръон мусобақаси мутлақ ғолиби Йўлдошбек қори Иброҳим ўғли Нуриддинов 2011 йил 15 мартда Тошкент шаҳридаги «Фирдавс» жоме масжидида бўлиб ўтган анъанавий қорилар кўрик-танловида 2-ўринни, 2012 йили 1-ўринни олган. 2013 йили Кувайт давлатида бўлиб ўтган жаҳон қорилар мусобақасида иштирок этган.
Бу сулоланинг яна бир вакили Шамсиддин Нуриддинов ўтган йили Муҳаммад ал-Беруний билим юртини тамомлаб, бу йилги Қуръон мусобақасининг Қорақалпоғистон босқичида фахрли 2-ўринни олди.
Есимқан Қанаатов
«Xabar.uz» маълумоти:
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда «Олтин қалам» танлови «Интернет журналистикаси» йўналиши бўйича 2-ўринга сазовор бўлган Есимхон Қанаатов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон бўйича мухбири сифатида иш бошлади. У бунгача Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг директори лавозимида ишлаб келаётган эди. Ундан аввал Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ахборот хизмати раҳбари сифатида фаолият юритган.
Мавзуга доир:
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter