Ёғ-мой маҳсулотларининг нархи тушиши мумкин
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 19 январь куни «Ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу қарорда қайд этилишича, соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва кенг турдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мазкур тармоқдаги мавжуд тизимли муаммоларга барҳам бериш бозорни сифатли, хавфсиз, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш ва бутун мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.
Шу билан бирга, хом ашё базасининг чекланганлиги, жумладан, муқобил ёғ олинадиган экинлардан етарлича фойдаланмаслик ёғ-мой корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солишни таъминлаш ва бозорнинг сифатли ёғ-мой маҳсулотларига бўлган талабини қаноатлантириш имконини бермайди.
Ёғ-мой корхоналарида замонавий технологияларнинг паст даражада жорий этилганлиги ишлаб чиқариш фаолиятини лозим даражада назорат қилиш ва ҳисобини юритишга тўсқинлик қилмоқда, хом ашё ва тайёр маҳсулотларни талон-торож қилиш ҳолатларига, шунингдек, бошқа суиистеъмолчиликларга олиб келмоқда.
Хом ашё ресурслари ва тайёр ёғ-мой маҳсулотларини тақсимлашнинг самарасиз ва замонавий бозор принципларига жавоб бермайдиган механизми кўп сонли чайқовчилик бўғинлари ва бозорда сунъий тақчиллик юзага келишига ҳамда оқибатда ёғ-мой маҳсулотлари нархининг асоссиз ўсишига олиб келмоқда.
Мазкур ҳужжат билан бозорлар ва дўконларда ёғ-мой маҳсулотларининг нархлари бирмунча арзонлаши мумкин. Шунингдек, уй ҳайвонлари учун емларнинг сифати ҳам ушбу қарор билан назоратга олинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter